Ссылки доступа

Тожикистонда интернет қимматлашиши мумкин


Тожикистон Солиқ қўмитаси аҳоли ҳамон суҳбатларда Viber, Whatsapp ва IMO мессенжерларидан, шунингдек мамлакатнинг мобил алоқа компаниялари иловаларидан фойдаланишда давом этаётганидан ҳавотир билдирди.

Солиқчиларнинг сўзларига қараганда, шунинг учун ҳам халқаро қўнғироқлардан тушадиган даромадлар камайиб кетган.

Солиқ қўмитаси мобил алоқа операторларидан абонентларнинг Viber, Whatsapp, IMO ва бошқа мессенжерлар орқали амалга оширадиган суҳбатларининг ҳар дақиқасини ҳисоблаб чиқишни ва шунга яраша бюджетга солиқ тўлашни талаб қилди. Бироқ, мобил алоқа компаниялари ва Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа Хизмати баёнот бериб абонентларнинг мессенджерлар орқали амалга оширадиган суҳбатларининг ҳар дақиқасини ҳисоблаб чиқишнинг имкони йўқлигини айтишмоқда.

Тожикистон Алоқа хизматидаги манбанинг айтишича, ҳукумат халқаро интернет-трафик нархини оширишга қарор қилди ва шу тариқа мамлакат бюджетига тушадиган даромадларни кўпайтирмоқчи. Тожикистонда Интернет хизмати нархи 10-15 фоизга оширилиши кутилмоқда.

Бугунги кунда Тожистондаги интернет жаҳондаги энг қиммат экани айтилади. Жаҳон банки экспертларининг фикрича, шу сабабли ҳам айрим ташкилот ва компанияларгина ўз фаолиятини Жаҳон тармоғи имкониятларидан фойдаланган ҳолда олиб боради. Экспертларнинг таъкидлашларича, мамлактда интернет-хизматларининг қимматлиги давлат томонидан назоратнинг ҳаддан зиёд кучлилиги ва интернет-провайдерлар учун акциз қўлланилишининг оқибатидир.

Шу билан бирга Тожикистон Солиқ қўмитаси мамлакатда NGN-алоқа қайта тикланиши таклифи билан чиқди. Viber, Whatsapp, IMO ва бошқа мессенжерлардан фарқли равишда NGN орқали бўладиган суҳбатнинг ҳар бир дақиқасини ҳисоблаш мураккаб эмас, демоқда солиқчилар.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизмати 2017 йил сўнггида мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерларидан NGNни ўчириб қўйишни талаб қилган эди. Идоранинг маълум қилишича, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида NGN ўчирилган.

XS
SM
MD
LG