Ссылки доступа

Қирғизистонда хорижликларга иш бериш учун рухсатнома нархи оширилиши таклиф қилинмоқда


ҚР парламенти хорижий иш кучлари учун талабларни кескинлаштиришни назарда тутган янги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ала-Тоо майдонида ноқонуний миграцияга қарши бўлиб ўтган митингда Давлат миграция хизмати раисининг ўринбосари Самат Токтоболотов маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳозир хорижликларга иш бериш учун бериладиган рухсатнома нархи 2 минг сом (30 долларга яқин) туради, янги қонун лойиҳаси кўра тарифлар 30 минг сомгача оширилиши таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари Токтоболотовнинг таъкидлашича, ҳужжат шунингдек корхоналарда хорижлик ишчилар сони 20 фоиздан ошмаслигини ҳам назарда тутади.

Ўзининг чиқишида амалдор митинг иштирокчиларидан Қирғизистонда бўлиб турган ноқонуний хорижликлар ҳақида маълумот беришларини сўради. «Ишчи гуруҳ ҳодиса жойига боради. Агар ноқонуний муҳожирлар фош қилингудек бўлса, у ҳолда қонун доирасида улар чиқариб юборилади», - деди Токтоболотов.

Декабр ойида фаолллар Хитойдан келган ноқонуний муҳожирларга қарши ва уларнинг чиқариб юборилишини талаб қилган ҳолда бир нечта акция ўтказди. «Қырғыз чоролору» ҳаракатининг аъзолари агар хукумат томонидан реакция бўлмаса, бу иш билан ўзлари шуғулланишини айтишди.

Шунингдек ижтимоий тармоқларда Хитойдан ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатишга оид хабарлар ва видеолар пайдо бўлди. ИИВ фитна ва миллатлараро нафрат уйғотганларга нисбатан жиноий жавобгарлик қўлланилиши юзасидан расмий огоҳлантириш эълон қилди.

Президент Сооронбай Жээнбеков баёнот бериб, «бу ички кучларнинг ҳаракати эканлигини — улар масалани сиёсийлаштиршга уринаётганини, муносабатларни бузишга интилаётганликларини” таъкидлади.

XS
SM
MD
LG