Ссылки доступа

Тошкентдаги Crafers шоколад фабрикаси ишчилари 12 соатлаб ишлатилмоқда


Шавкат Мирзиëев шоколад ишлаб чиқарувчи Омилов фабрикасида
Шавкат Мирзиëев шоколад ишлаб чиқарувчи Омилов фабрикасида

Тошкентдаги Crafers қандолат фабрикаси ишчиси бир гуруҳ ишчилар номидан Ўзбекистон Меҳнат кодексида белгиланган 8 соат ўрнига 12 соатлаб ишлатилаëтганидан шикоят қилди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси мулозимига кўра¸ Crafers қандолат фабрикаси ишчилари касаба уюшмасига аъзо бўлмагани боис, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкони чекланган.

Қандолат фабрикаси ишчиси кунига 12 соатдан тик оëқда туриб ишлаëтганлигини айтаркан, бундай деди: "12 соат тик оёқда туриб ишлаяпман. Тушлик учун 15 дақиқа¸ кечроқ бирор нарса тамадди қилишга 10 дақиқа ажратилган. Бир кунда фақат икки марта 3 дақиқа ҳожатхонага киришга изн бор. Бу регламентни қўриқлов химати ходимлари текшириб юради. Чарчадик десак, "ëқмаса катта кўча, мингтаси ишга кираман деб турибди".

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мулозими “Ўзбекистон ҳудудида ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслигини” таъкидлади:

- Меҳнат Кодексининг 115-моддасига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса, 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мулозими Ўзбекистонда ишлаëтган ишчиларнинг қонунда кафолатланган ҳуқуқларини касаба уюшмаси мунтазам ҳимоя қилишини таъкидлади.

Тошкент шаҳридаги собиқ “Лак-бўёқ” заводи ўрнида ташкил этилган “Амилов” фабрикаси (кейинчалик фабрика номи Crafers дея ўзгартирилди) 2018 йилнинг 5 октябрда ишга туширилган эди. 2018 йилнинг 26 октябрида айни фабрикани бориб кўрган президент Шавкат Мирзиëев 850 киши учун иш ўрни яратилганини олқишлаган эди.

Расмий матбуотда ëзилишича¸ 32 гектарлик ҳудудда жойлашган корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

XS
SM
MD
LG