Ссылки доступа

ИИБ ходимлари Нурафшон ҳокими дам олаётган кафедан ўнлаб одамни чиқариб юборди (видео)


15 январь оқшомида ички ишлар ходимлари туғилган кунни нишонлашга тўпланган ўнлаб аёл ва болаларни Нурафшон шаҳридаги “Нурафшон” кафесини зудлик билан тарк этишга мажбурлади.

Оилавий тадбир мезбонларидан бирининг даъво қилишича, кафе ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кечага тўпланган ўнлаб одамни "Нурафшон ҳокими яхши дам олсин деб", "Нурафшон" кафесидан чиқариб юборган.

Гувоҳларга кўра, ҳодиса 15 январь куни соат тунги 10 дан кейин юз берган.

Туғилган кунни нишонлаш тадбирига келган меҳмонларни "Нурафшон" кафесидан чиқариб юборишга иштирок этган ички ишлар ходими "тинчлик ва тартибни сақлаш учун кафега чақирилган гуруҳ" кафега тўпланган меҳмонларга нисбатан куч ишлатмаганини айтди.

Ҳодисага гувоҳ бўлган нурафшонликлардан бири аёлларнинг кафедан чиқариб юборилаётгани тасвирланган видеони йўллади.

45 секундлик ушбу видеода ўрта ёшлардаги аёл ички ишлар ходимлари томонидан кафедан чиқариб юборилаётганига овозини баландлантиб, эътироз билдиради:

-"Нурафшон" кафесида Нурафшон ҳокими ўтирибди. Мен қамоқда беш йил ўтириб чиқдим. Мени ички ишлар ходимлари кафедан уриб, ҳайдаб чиқариб юбораяпти бола чақам билан. Нурафшон ҳокими яхши дам олсин деб.... Бунга сизлар қандай қарайсизлар? – дея бақиради аёл.

Видеони Telegram мессенжери орқали йўллаган шахс ҳодисани қуйидагича тасвирлади:

"Нурафшон марказида жойлашган Нурафшон кафесининг биринчи қаватида ўтирганимизда иккинчи қаватдан ўндан зиёд эркак ва аёллар тушиб келди ва кафе ходимлари билан тортишиб кетди. Ўша одамларнинг ичида Санобар деган аёл иккинчи қаватда Нурафшон ҳокими ва унинг таниши аёллар билан ўтирганлиги ҳамда уларга халақит бермасликлари учун уларни тушириб юборганликларини айтиб бақираётган эди. Шунда милиция ходимлари ва Нурафшон прокурори келди ва улар билан ҳам тортишиб кетишди. Кафе ташқарисида Нурафшон ва Олмалиқ шаҳар ҳокимларининг хизмат машиналари турарди",- деб ёзди ҳодисага гувоҳ бўлган нурафшонлик.

53 яшар Санобар Искандарова ўзи, опаси ва синглиси бир ойи кам беш йилни панжаралар ортида ўтказиб, ўтган йил ноябрида озодликка чиққани, озодликка чиқиши ва қизининг туғилган куни муносабати билан "Нурафшон" кафесига қариндош-уруғлари ва уларнинг фарзандлари билан тўпланганини билдирди.

Санобар Искандарова айни кафега келган ҳокимнинг эътирози сабаб туғилган кун кечаси жанжал билан якун топганини айтди.

У ўша оқшом айни кафеда Нурафшон шаҳар ҳокими меҳмонлари билан бирга хордиқ чиқарганини қўшимча қилди.

Санобар Искандарованинг синглиси, 52 яшар Манзура Аҳмедова туғилган кун кечасига келганларни ички ишлар ходимлари шаҳар ҳокими буйруғи билан кафедан ҳайдаб чиқарганини иддао қилди. "Болаларимизни уриб, ҳайдаб юборипти. ППС ҳам келди. Ҳоким ППСга "ҳайдаб юбор", деганда.

Профилактика инспектори Фарҳод Ҳошимов Санобар ва унинг синглиси илгари сурган иддаоларни рад этди.

У ҳамкорлари ва прокуратура ходимлари билан воқеа жойига ички ишлар навбатчисидан қўнғироқ бўлганидан кейин борганини билдирди:

- Бақир-чақир, жанжал, тўполон қилаяпти экан. Кейин опанинг олдига бордим: "Опа, тинчланинг, бўлди, бақир-чақир қилманг бўлди, уят бўлади," деб секин олдига бориб тинчлантиришга ҳаракат қилдим. У яна бақир-чақир кўтаришда давом этти-да. Хуллас, уни тинчлантириб бўлмади. Кейин прокурор келди. Кўрди, гаплашди. У билан гаплашмади, ёнидаги қизлар билан гаплашди. Ҳақиқатан ҳам бўлган ҳолат шу, - деди профилактика инспектор Фарҳод Ҳошимов.

Профилактика инспектори шаҳар ҳокимининг буйруғини бажаргани ҳақидаги даъволарни инкор қилди.

2017 йил 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн биринчи ялпи мажлисида Тошкент вилоятидаги Тўйтепа шаҳри номини Нурафшон деб ўзгартириш қарори қабул қилинганди.

Бу шаҳарга Усмон Раҳмонов ҳокимлик қилади.

XS
SM
MD
LG