Ссылки доступа

Президент Шавкат Мирзиёев Германияга жўнаб кетди


uzbekistan

Президент Шавкат Мирзиёев Федерал канцлер Ангела Меркелнинг таклифига биноан 20 январь куни расмий ташриф билан Германияга жўнаб кетди. Мирзиёевнинг бу ташрифи 22 январгача давом этади.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон раҳбарининг Германияда бўладиган учрашув ва музокаралари давомида иқтисодиёт, молия, инвестиция, инновация, илм-фан, техника, таълим ва маданият соҳаларига оид қатор ҳужжатларнинг имзоланиши режаланган.

"Иқтисодий, инвестициявий ва технологик жиҳатдан улкан имкониятларга эга Германия билан ҳамкорликдан ҳам катта мақсадлар кўзланган", дея хабар қилади матбуот хизмати.

Ўзбекистон расмий матбуотига кўра, Мирзиёев Берлинда Федерал президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар ўтказади.

Мюнхен шаҳрида Ўзбекистон президентининг Бавария Бош вазири Маркус Зёдер, шунингдек, Германиянинг етакчи ишбилармон ва молиявий доиралар вакиллари билан учрашувлари режаланган.

Бу сафар арафасида - 14 январь куни Берлинда Ўзбекистонга немис капиталини жалб қилиш ва ўзаро иқтисодий муносабатларни жонлантириш имконларини муҳокама қилиш учун немис-ўзбек бизнес форуми уюштирилди.

Тадбирда қатнашган Ўзбекистон расмийлари ҳисоботига кўра, 2018 йилнинг 9 ойи якуни бўйича Германия билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 526 миллион долларни ташкил қилган.

​Бу рақам Германиянинг бошқа Марказий Осиë мамлакатлари иқтисодидаги иштироки билан қиëслаганда, анчайин оз. Жумладан, Германиянинг Қозоғистон билан 2017 йилдаги товар айланмаси 5 миллиард долларни ташкил қилган.

Бундан ташқари, Берлиндаги таҳлилчилар, Ўзбекистонда сармоядорлар учун муҳим бўлган шаффофлик, қонун устуворлиги ва мустақил суд институтлари ҳануз етарли даражада ривожланмагани немис сармоядорларини иккилантириб турганини айтади.

Шунингдек, Мирзиёевнинг Германия сафари арафасида “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти канцлер Ангела Меркелни Ўзбекистон президенти билан учрашув чоғида матбуот эркинлиги масаласига эътибор қаратишга чақирди.

Ташкилотнинг билдиришича, Ўзбекистонда интернет (Facebook ва YouTube каби ижтимоий тармоқлар) ҳамон қаттиқ назорат остида қолмоқда, мустақил сайтларнинг кўпчилиги тўсиб қўйилган, танқидий нуқтаи назарда бўлган журналистлар эса мамлакатга киритилмаяпти.

“Чегара билмас мухбирлар” Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг қамоқда ётган журналистлар озод этилганини эътироф этган, аммо ташкилот бу янги президентни “одамларга яхши кўрсатиш мақсадида амалга оширилган” ҳаракатдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблашини билдирган.

Ҳозирча Ўзбекистон ва Германия раҳбарлари ўртасида ўтадиган учрашувлар ортидан журналистлар ва матбуот вакиллари учун брифинг ëки матбуот анжумани бўлиши ҳақида маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG