Ссылки доступа

Туркиялик Чилингир: Нодир Тўрақулов тортиб олган 120000 евролик машинамни қайтариб ололмаяпман!


Туркия фуқароси Явер Чилингир иддаосига кўра, 2012 йилда МХХ полковниги Нодир Тўрақулов унинг фирмасига тегишли юк машинасини олиб қўйган. Тўрақулов ҳибсга олингач, машинасини қайтариш умиди билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганини айтган Чилингирга кўра, ҳозирча бирор натижага эришмаган.

Туркия ватандоши 57 яшар Явер Чилингирнинг Озодликка мурожаат қилиб, айтишича, у Нидерландияга қарашли Reynard фирмасининг Афғонистондаги бўлимини бошқаради. Чилингир иддаосига кўра, 2012 йилда Нодир Тўрақулов унинг фирмасига тегишли юк машинасини олиб қўйган.

- 120 минг евролик Камаз, прицепи билан бирга, дейди Чилингир.

Чилингир ўтган йилнинг май ойида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, Тўрақулов томонидан олиб қўйилган машинасини қайтариб, олиш учун ҳаракатларини бошлаган.

- Май ойида маҳкамага мурожаат қилдим. Тошкентга 3-4 марта бориб-келдим. Ҳарбий прокуратурага бордим. Ҳарбий прокуратура “Биз барча ҳужжатларни Термизга жўнатамиз. Термиздагилар сизга хабар беришади” дейишди. 2012 йилда Нодир Тўрақулов сохта айбловлар билан фирмамизнинг Камаз ҳайдовчисини ушлаб, уни Ўзбекистондан депорт қилдирди. Камазни эса олиб қўйганди. Тўрақуловни ўзини ушлаб, “ундан жабр кўрганлар мурожаат қилсин”, дейишгач, мен ҳам Камазни қайтаришни сўраб ва ҳайдовчимизни ноҳақ тергов қилишгани юзасидан мурожаат қилдим, дейди Явир Чилингир.

Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси томонидан 2018 йилнинг 6 июль куни Явер Чилингир номига жўнатилган ҳужжатда айтилишича, унинг шикоятлари ўрганилиб, бу иш “ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси собиқ ходимлари Н. Тўрақулов ва бошқаларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши ҳужжатларига қўшилган”.

Чилингирнинг рафиқаси Шаҳодат Ботировага кўра, эрининг фирмасига тегишли юк машинасини ўтган ёзда Нодир Тўрақуловнинг қариндошининг уйидан топишган.

Лекин Чилингирнинг айтишича, яқинда машинанинг сотилиб кетганини аниқлашган.

- Машинада GPS бор. Шунинг ёрдамида машинанинг қаерга бориб, келганини текшириб турдим. Яқинда қарасам GPS ишламади. GPSни машинадан олиб ташлашган. Ўзим чет элдаман. Термизда қолган рафиқам бориб, аниқлади. Машинани бошқа бировга сотиб юборишган. Лекин мен ҳали прокуратурадан жавоб кутаяпман. Чунки улар менинг мурожаатимга охирги жавобни беришмади, дейди Чилингир.

Чилингирнинг рафиқасига кўра, Сурхондарёдаги ДХХ ходимлари юк машинаси эндиликда уларники эканини айтишган.

- Миллий хавфсизлик ходимлари “Бу Камазни Миллий хавфсизлик ўзининг номига ўтказиб, юборди. Сизлар кеч қолдинглар. Ҳарбий прокуратура бизга ўтказиб берди” дейишди. Камазга Ўзбекистон номерини қўйиб ишлатишаяпти, дейди Шаҳодат Ботирова.

2018 йилнинг 25 октябрида МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлимининг собиқ бошлиғи, полковник Нодир Тўрақулов 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва 81 миллион 92 минг сўм ($10 минг атрофида) жаримага тортилди. Ҳозирда Тўрақулов устидан очилган иккинчи жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG