Ссылки доступа

Тожикистонда фильмларнинг очиқ саҳналарига тақиқ қўйилди


Эндиликда Тожикистонда давлат телеканаллари намойишдан аввал барча фильмлар диққат билан кўрикдан ўтказилади ва очиқ саҳнали кадрлар қирқиб ташланади. ТВ раҳбариятининг фикрича, бу каби саҳналар аҳлоқсизлик саналади ва миллий қадриятларга мос келмайди.

Тожикистон телевидение ва радиоэшиттиришлар қўмитаси раисининг ўринбосари Маҳмадшариф Бобозоданинг 19 январ куни айтишича, давлат телеканаллари орқали намойиш этиладиган фильмлардаги очиқ саҳналарнинг тақиқланиши ёт маданиятни тарғиб қилишнинг олдини олиш ва миллий қадриятларни ҳурмат қилишга қаратилган.

Бир йил аввал «Тожикфильм» киностудияси маҳаллий ва хориж фильмларидаги очиқ саҳналар мамлакат ҳудудларидаги экранларда намойиш қилинишидан ва маҳаллий телеканалларда кўрсатилишидан аввал қирқиб ташланишини таклиф қилган эди.

Киностудиядаги манбанинг айтишича, ҳукумат томонидан қабул қилинган «Тожикфильм»нинг янги низомига кинокартиналарда аҳлоқни муҳофаза қилиш тўғрисида махсус пункт киритилган. Унга кўра, эндиликда «Тожикфильм» киностудияси нафақат кинокартиналар яратади, балки мамлакатда ва хорижда ишлаб чиқарилган фильмлардаги очиқ саҳналарни қирқиб ташлаш билан ҳам шуғулланади. Жисмоний яқинлашиш ва шунчаки «интим саҳналари»нинг намойиш этилишига йўқ қўйилмайди.

«Ишонинг, интим саҳналарнинг намойиш этилиши бизнинг маданиятимизга мос келмайди. Тассавур қилинг, оила даврасида фильм томоша қилаяпсиз, кутилмаганда ишқий саҳналар пайдо бўлиб қолади. Қиз ота олдида хижолат бўлади, ота эса қиз олдида ноқулай аҳволга тушиб қолади», -дейди Маҳмадшариф Бобозода.

Тожик режиссёри Искандар Усмоннинг фикрича: ҳозир тожик телеканалларида қилинаётган ишлар интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунга зиддир. Шу билан бирга у бу каби ҳаракатлардан бирор бир маъно кўрмайди. «Совет йилларида бу каби чораларни кўриш мумкиндир, бироқ ҳозир Интернетда очиқ саҳнали фильмлар кўплаб топилади», - дейди Искандар Усмон.

XS
SM
MD
LG