Ссылки доступа

Тошкент марказидаги бино ертўласидан миллион долларлик хазина топилди


Тошкент марказидаги эски бинолардан бирининг ертўласидан 80 йиллар аввал йўқолган ва миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматга эга хазина топишди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Маълумотда айтилишича, хазина миллий университет олимлари олиб борган қидирув ишлари вақтида топилган.

“Бино 1870 йилларда қурилган бўлиб, унинг ертўласи остида яна бир яширин ҳужра мавжуд бўлган. Бу ҳужрага тушиш жойи кўмилиб кетганлиги сабабли салкам 80 йил бу ҳақида ҳеч ким билмаган”, дейилади хабарда.

Хазина ноёб санъат асарлари, олтин, кумуш танга ва идишлар, буржуазия услубида ишланган буюмлар, ХIХ асрдаги протестант ва православ черковлари деворларига ишланган қадимий суратлар, иконалар, қимматли металлдан ясалган буюмлардан иборат.

Ушбу топилмалар орасида 1918 йил Тошкентдаги князь Романов саройининг ноёб коллекциялари, 1920 йилда Тошкентга Европа ва Санкт-Петербургдан келган машҳур дворянлар ва олимларга ҳамда 1932-38 йилларда Сталин репрессияси қурбонлари ҳамда генерал Жўрабек уйидан йўқолган ашёлар ҳам мавжуд.

“Топилмалар орасида ўрта асрларга(ХII-XVII) тегишли машҳур ўзбек алломаларининг ўнлаб қўлёзма китоблари мавжуд бўлиб улардан айримлари бизгача етиб келмаган деб ҳисобланарди. Ушбу ноёб ва бебаҳо китоблар нафақат Ўзбекистон балки жаҳоннинг машҳур музейларини ҳам безашга арзийдиган катта хазинадир”, дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG