Ссылки доступа

Ашхобод расмийлари “бепул сув” учун аҳолини жаримага тортмоқда


Туркманистон пойтахти аҳолиси аввалги йилларда сувдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашга мажбурланмоқда ва жаримага тортилмоқда. Ашхободдаги “Озодлик” мухбирларининг хабар қилишича, кўпчилик жарималар тизими ҳақида билишмайди, чунки расмийлар бу ҳақда маълум қилмаган.

"Эндиликда Ашхобод аҳолисидан жарима сифатида астрономик маблағлар талаб қилишмоқда. Бундан ташқари 2015 ва 2016 йилларда фойдаланилган сув учун хақ тўлашга мажбурлашмоқда. Ўша вақтда кўп қаватли уйлардан 30 манатадан 40 манатгача (10 долларга яқин) олишарди, планли уйларда яшовчилар эса янада қиммат тўлашарди ", - дея хабар беради “Озодлик” мухбири.

“Озодлик” мухбири ва суҳбатдошларининг сўзларига қараганда, жарима миқдори ва нархлар ҳақида аҳоли уй бошқарувчилари ва коммунал хизмат ходимлари келгандагина билишади. Ҳозирги кунда аҳоли 2017 йилнинг ноябридан кейинги давр мабойнида фойдаланилган сув учун жарима тўламоқда.

Аҳолининг сув ва газдан фойдаланганини ўлчовчи ҳисоблагичлар ўрнатилиши ва эскиларининг янгиларига алмаштирилиши сўнги йилларда бошланган эди, аммо ўтган йилнинг октябрида оммавий тус олди. Бироқ сув, газ, электрга жорий қилинган барча имтиёзларнинг бекор қилиниши тўғрисидаги қарор 2018 йилсентябр ойи охирларида қабул қилинди, ўшанда давлат раҳбари Гурбангули Бердимухамедов бепул газ, сув электр энергиясини бекор қилди.

“Озодлик” радиоси аҳолидан олинадиган жарималар миқдори ва тартиби, шунингдек Туркманистон коммунал хўжалик вазирлиги, Ашхобод шаҳар маъмуриятидан аҳолини хабардор қилиш тартиблари ҳақида маълумот олишга муваффақ бўлмади.

XS
SM
MD
LG