Ссылки доступа

Фарғонада бузилаётган уйнинг яшовчиси юрак хуружидан ўлди


Фарғона шаҳри марказидаги Алишер Навоий кўчасида бузилаётган уйлардан бирида яшовчи 44 яшар Виктор Аристов юрак хуружидан оламдан ўтди.

Яқинлардан олинган маълумотга кўра, кўчишни талаб қилган ҳокимият мутасаддилари ва оиласи ўртасидаги муаммога гувоҳ бўлган хаста Аристов инсульт бўлган, кейинроқ шифохонада вафот этган.

Шаҳар ҳокимлиги бу ҳодиса бўйича бирор изоҳ бермади, масъул ҳоким ўринбосарининг эса прокуратурага чақирилгани айтилди.

Шаҳар марказида бузилиши режаланган 32-уйда яшаган 44 яшар Виктор Аристов 19 январь куни шаҳар касалхонасида вафот этди.

Аристовнинг қўшниларидан олинган маълумотга кўра, аслида гипертония касаллигидан азият чеккан марҳум сўнгги кунларда оиласи бошига тушган ташвишни кўтара олмай, инсультга учраган.

"Ҳокимиятнинг одамлари билан оиласи ўртасида тортишув бошланиб кетган. Ўшанда бу кишининг қон босими ошиб кетиб, юраги ушлаб қолган. Эртаси куни касалхонадан ўлигини олиб келишди", деди исмини ошкор этишни истамаган фарғоналик тингловчи.

Алишер Навоий кўчасида бузилиши бошланган кўпқаватли уйларда яшаётган оилаларнинг даъво қилишича, шу йилнинг 2 январида Фарғона шаҳар ҳокимлиги вакиллари келиб, 10 га яқин уй қисқа муддат ичида бузилишини маълум қилган.

Шу кунда томи қўпорилган уйларда яшаётган оилаларнинг айтишича, ҳокимият уларга таклиф қилаётган уй шаҳарнинг чеккасида, унинг яқинида на мактаб, на магазин бор​.

Бундан ташқари, ҳокимият янги, деб таклиф қилган кўпқаватли уй чала битган ва шу боис, 10дан ортиқ оила, 3 ҳафтадирки, кўчишдан бош тортаётир.

Бузилаётган уйларда яшаётган оилалардан олинган маълумотга кўра, ҳокимият вакиллари уларга шаҳар марказидан ҳам уй кўрсатган.

Аммо, таклиф қилинган уй, биринчидан бетон, иккинчидан хонадонлар майдони қарийб ярим баробарга кичикдир.

​Фарғона шаҳар ҳокими Ҳамиджон Хабибиддинов имзолаган қарорда шаҳарнинг шу қисмида жойлашган 10 га яқин "маънан эскирган кўпқаватли уйлар"даги оилалар, улар билан нарх ва товон пулини белгиловчи комиссияси ўртасидаги эришилган шартнома асосида, кўчирилиши кераклиги белгиланган.

Айрим оилаларнинг айтишича, уйи бузилиши ҳақида илк бор -ўтган йилнинг ёзида оғзаки огоҳлантирган расмий - шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари шаҳар марказидан уй берилишини ваъда қилган эди.

Бироқ, шикоят қилинишича, эндиликда Фарғона шаҳар ҳокимининг янги мулозимлари бу ваъдани бажармаётир. Аксинча, ҳали одамлар кўчиб улгурмаган уйлар бузилмоқда.

Фарғона шаҳар ҳокимияти, Алишер Навоий кўчасидаги кўпқаватли уйлар ҳали одамлар кўчиб чиқмай туриб, бузилаётгани ҳамда бу аснода 44 яшар Виктор Аристовнинг юрак хуружидан вафот этганини изоҳсиз қолдирди.

Айни пайтда расмий барча оилаларни "рози қилиб" кўчиришни ҳам ваъда қилганди.​

Расмий маълумотга кўра, Фарғона шаҳар марказидаги имкон қадар қисқа муддат ичида бузилиши режалаштирилган бу кўпқаватли ғиштин уйлар 1941-1945 йилларда қурилган ва улар маънан эскирган уйлар, деб ҳисобланади.

Расмий маълумотга кўра, шаҳарнинг марказий қисмида, 2011 йилдан буён, ички ва хорижий сармоя ҳисобига жами 12 йўналишда қурилиш-бунёдкорлик , ободончилик ишлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG