Ссылки доступа

Мирзиёев ва Меркель музокаралар ўтказди: 9 та ҳужжат имзоланди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германия федераль канцлери Ангела Меркель билан музокаралар ўтказди. Учрашувда асосий эътибор савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик масалаларига қаратилди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев қайд этиб ўтганидек, Ўзбекистон улкан иқтисодий салоҳиятга эга дунё етакчиларидан бири бўлган Германияда технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги асосий шериклардан бирини кўрмоқда.

Томонлар айни пайтда 700 млн. еврони ташкил этиб келаётган икки томонлама савдо айланмасини жадал кенгайтиришни айтиб ўтишгани ҳолда, мазкур кўрсаткични 1 миллиард еврогача ўсиши учун барча имкониятлар мавжуд эканлигини таъкидлашди.

Ўзбекистонда бугунги кунда Германиядан келган инвесторлар иштирокида 132 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 33 таси юз фоиз немис капитали ҳисобидан бўлса, яна 31 та фирма ва компания ишлаб келмоқда. Ўзбекистон Миллий банки 57 та немис банки билан корреспондентлик алоқаларини йўлга қўйган. Тошкентда “Дойче-банк” бўлинмаси фаолият юритяпти.

Тарафлар инсон ҳуқуқлари ҳимояси, шунингдек, атроф муҳит муҳофазаси масалаларини ҳам кўриб чиқишди. Мирзиёев ГФР ҳукуматига Орол денгизи салбий оқибатларини енгишга ҳисса қўшгани учун миннатдорлик билдириб, Берлинни Оролбўйи учун кўпшериклик асосидаги Траст фонди фаолиятида фаол иштирок этишга чақирди.
Учрашув давомида илм-фан ва таълим, маданий алоқалар ва туристлар алмашинувини кенгайтириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳим эканлигига урғу берилди.

“Ўзбекистонда 8 мингдан зиёд этник немислар истиқомат қилиши қайд этилди. Уларга миллий маданияти ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратиб берилган. Мамлакатда 400 минг нафар талаба немис тилини ўрганишмоқда. Яқинда Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги мактабларга немис маданиятининг буюк олимлари ва тафаккурлари номлари берилган”, - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида 9 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланди.

XS
SM
MD
LG