Ссылки доступа

ТИВ қозоғистонликларни Суриядан эвакуация қилиш борасидаги амалиётларни давом эттиради


Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа тегишли идоралар Суриядан Қозоғистон фуқароларини эвакуация қилиш борасидаги амалиётларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда 21 январ, душанба куни ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров Остонада ўтказилган брифингда баёнот берди.

«Бу амалиётда асосий эътибор айнан, бир ёшдан беш ёшгача бўлган болаларга қаратилмоқда. Уларнинг кўпчилиги Сурияда туғилган. Биз очиқчасига айта оламизки, бу амалиётнинг охирги босқичи эмас. Бу бошланиши. Биз, ТИВ ва бошқа тегишли давлат идоралари ҳамиша қаерда бўлишларидан қатьий назар фуқароларимиз тақдирига алоҳида эътибор билан қараймиз. Амалиёт давом эттирилиши режалаштирилмоқда», – деди Айбек Смадияров, унинг сўзларидан «Казинформ» агентлиги иқтибос сифатида келтирган.

9 январ куни Остона Суриядан Қозоғистоннинг ўнлаб фуқаролари эвакуация қилинганини маълум қилди. Қозоғистон президенти маъмурияти сайтида эълон қилинган баёнотда таъкидланишича, 6 январ куни «гуманитар амалиёт» натижаларига қараганда Суриядан Қозоғистоннинг 47 нафар фуқвроси, жумладан бир ёшдан беш ёшгача бўлган 30 нафар бола,11 нафар аёлэвакуация қилинган.

Ўтган йилининг ёзида Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси томонидан тақдим қилинган расмий маълумотларга қараганда, Яқин Шарқда уруш бошланганидан бери Сурия ва Ироққа Қозоғистонинг 800га яқин фуқароси борган. Уларнинг кўпчилиги болалардир. «Июл ойидаги маълумотларга қараганда, Сурия ва Ироқдаги халқаро террор ташкилотлари сафларида 120 нафар қозоғистонлик эркак, 250дан ортиқ хотин-қиз ва 500 нафар балоғатга етмаган болалар бор», –дейилади МХҚ баёнотида.

Ўтган йилнинг декабр ойида Таълим ва фан вазирлигининг болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш қўмитаси вакили журналистларга сўнгги икки йилда Суриядан Қозоғистонга 91 бола қайтарилганини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG