Ссылки доступа

Қирғизистонда спиртли ичимликларга «Манас» қаҳрамонларининг номи берилиши тақиқланади


Қирғизистонда кенг жамоатчилик эътиборига муҳокама қилиш учун алкогол маҳсулотларини «Манас» эпоси қаҳрамонлари номи билан аталиши тақиқланишига қаратилган қонун лойиҳаси тақдим қилинди.

«Манас» эпоси тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги ташаббус билан депутат Тазабек Икрамов чиқди. Унинг таклифига биноан «Манас» ибораси, шунингдек «Манас» эпосининг ижобий қаҳрамонлари (Манас, Бакай, Семетей, Каникей ва Сейтек)нинг номлари алкогол ватамаки маҳсулотларига берилиши тақиқланади:

- Бугунги кунда аҳоли мафкураси ва онги даражасини юксалтириш, муқаддас масканларимизга ҳурмат маъносида тарбиявий ишларни олиб боришга эҳтиёж сезилмоқда. Агар болаларимиздан: «Манас»ни биласанми?» дея сўрагудек бўлишса, улар: «Ҳа биламан, «Манас» коньяги бор» дея жавоб бермасликлари керак. Мафкура ҳақида гапирганимизда биз, «Манас» авлодлари эканимизга урғу берамиз. Биз фарзанларимиз ва авлодларимизга ўзимизнинг Манаснинг юксак даражасини кўрсата билишимиз керак, токи улар Манасдан ҳақиқий намуна ва дарс олсин.

«Манас» ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси дурдоналари рўйхатига киритилган, шунингдек жаҳонда ҳажми энг узун бўлган эпос сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган. Саякбай Каралаев томонидан ижро этилган трилогия 500 минг сатрдан ортиқни ташкил қилади.

Қирғизистонда «Манас», «Семетей», «Бакай» номи остида ароқ ва коньяк ишлаб чиқарилади.

XS
SM
MD
LG