Ссылки доступа

Ироқда судланган аёлларнинг бир қисми болаларини ватанига беришга рози эмас


Ироқда судланган тожик аёлларининг бир қисми гўдаклик ёшидаги фарзандларини ватанига қайтариб беришга рози эмас.

Тожикистоннинг Саудия Арабистонидаги дипломатик ваколатхонаси маълумотларига кўра, Ироқдан Тожикистонга юбориш учун бор-йўғи 95 нафар бола рўйхатга олинган, бироқ қонун бўйича уларнинг Ироқ қамоқхоналарида узоқ вақт қоладиган оналари бунга розилик бериши керак. Бунга рози бўлмаганлар ичида хатлонлик 38 ёшли Зебунисо ҳам бор. Унинг ота-онаси оламдан ўтиб кетганига анча бўлган, яккаю ёлғиз акаси эса на у ҳақида ва на унинг икки нафар фарзанди ҳақида эшитишни истайди.

Зебунисо 2015 йилда турмуш ўртоғи билан Ироққа келади ва “Ислом давлати”га қўшилади. Орадан бир йил ўтиб унинг эрини ўлдиришади, Зебунисонинг ўзини эса 2017 йилда Мосулни озод қилиш пайтида ушлашади. Бу аёл умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилади, аммо фарзандаларини ватанига юбориш имконияти берилади.

Зебунисонинг акаси пул ишлаш учун Россияда юрибди. Унинг хотини Сарвиноз Ғуломованинг айтишича, у синглиси Ироққа кетиб қолгани ва оиласига иснод келтирганидан ғазабда. Ҳар қандай вазиятда ҳам, давом этади у, ҳеч ким улар билан Зебунисонинг фарзандлари тақдири юзасидан боғланмаган.

Тожикистоннинг Қувайт ва Ироқдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзоданинг 21 январь куни таъкидлашича, Ироқда суд қилинган 43 аёлнинг 14 нафари болаларидан ажралишни истамаган. “Уларнинг кўпчилиги қариндошлари улардан юз ўгиришгани ва шунинг учун ҳам болалари ҳеч кимга керак эмас деб ҳисоблашади. Биз уларнинг фарзандлари тақдир ҳукмига ташлаб қўйилмаслиги ҳақида кафолат бердик, лекин бу таклифлардан қатъий бош тортишди”, - дейди элчи.

Унинг сўзларига кўра, дипломатлар судланган ҳамюртларининг қариндошлари билан алоқада ва ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам болаларни қайтариб олиб келишга ҳаракат қилишмоқда. “Бу президентнинг топшириғи, ахир болалар ўз ота-оналари қилмишлари учун жавобгар эмас-ку. Агар қариндошлари болаларни қабул қилишни исташмаса, улар давлат қарамоғида бўлишади”, - дея қайд этиб ўтади дипломат.

Суд қилинган тожик аёллари ва уларнинг болалари рўйхати ҳали тугал эмас ва унинг кенгайиши эҳтимоли бор. Сабаби тожик аёллари ўзларини бошқа давлат фуқаролари деб кўрсатган пайтлар ҳам бўлган.

XS
SM
MD
LG