Ссылки доступа

Бош прокуратура: Риштондаги кулоллар фаолияти "яқин кунларда тўлиқ тикланади"


Ўзбекистон Бош прокуратурасининг айтишича, Риштон кулоллари фаолияти "яқин кунларда тўлиқ тикланади".

Фарғона вилояти Риштон туманида 200 дан ортиқ кулолчилик цехлари газ йўқлиги ёки қимматлиги туфайли ишламаётгани ҳақида аввал хабар хабар қилинган эди.

21 январда Бош прокуратура томонидан мақолага берилган жавобда Риштон туманидаги "кулолчиларни қийнаётган муаммолар туман прокуратураси томонидан вилоят прокурори талаби асосида, масалага амалий тарзда ёндашган ҳолда ўрганиб чиқилгани" билдирилган.

Сопол ва чинни идишлари билан танилган Риштондаги 225 та кулолчилик цехида мавжуд жами 450 та хумдон газ йўқлиги ёки жуда қимматлиги боис ишламаётгани ва натижада юзлаб усталар ишсиз қолгани ҳақида хабар қилинган эди.

Бош прокуратура баëнотида “қиш мавсуми сабабли” цехлардаги газ тармоқдан узилгани эътироф этилган.

“Дастлаб масалани ўрганиш учун тузилган ишчи гуруҳи томонидан саноат зонасидаги кулолчиларнинг қатъий руйхати шакллантирилди ва жойга чиқилиб газ тармоғи ва мавсум билан боғлиқ бўлмаган кундалик муаммолари ўрганилди. Ўрганиш давомида 42 нафар кулолчиларнинг ҳақиқатда фаолият юритаётганлиги (электр энергияси билан) аниқланди,” дейилади Бош прокуратура йўллаган жавобда.

Бош прокуратурага кўра, риштонлик кулолларнинг газ билан боғлиқ бўлган муаммоларини ҳал этиш мақсадида "кўмаклашув штаби" ташкил қилинган.

"Шу мақсадда туман прокурори раҳбарлигида туман прокуратураси, газ бўлими, ДСИ, Ҳунармандлар маркази, агентлик ходимлари ва бошқа мутассади ташкилот ходимларидан иборат бўлган гуруҳ тузилиб, туман газ бўлимида шартномага кўмаклашув штаби ташкил қилинди.

Бу штабга туман саноат зонасидаги 209 нафар кулол-тадбиркорлар юз тутаётган муаммоларни аниқлаш вазифаси юкланган.

Бош прокуратурага кўра, газ бошқармасидан фонд сўраш масаласи ечилиб, "ҳозирда 53 нафар кулоллар билан тегишли тартибда шартномалар" расмийлаштирилган.

22 январь куни риштонлик кулоллар ҳақиқатан ҳам туман прокуратураси уларнинг муаммосини ҳал қилиш учун махсус комиссия тузганини тасдиқлашди.

"Яқин кунларда газни тўлиқ тиклаймиз деб туришибди. Умид қиламизки, нархлар қиммат бўлмайди ва ишни қайта бошлашимиз учун имконият туғилиб қолади", дея умид билдирди 25 йилдан буён кулолчилик билан шуғулланувчи риштонликлардан бири.

Бошқа бир риштонлик кулол эса "яқин орада" цехини очмаслигини билдирди.

"Ҳозирча таксичилик қилаяпман. Газ нархи тушмас экан идиш ишлаб чиқаришимиздан наф йўқ. Маҳсулотимиз таннархи кўтарилиб кетаяпти, қиммат сопол ва чинни идишга харидор топиш қийин. Ундан яхшиси такси ҳайдаш бўлиб қолди," деди газ муаммоси ҳал этилишига ишонмаган уста.

XS
SM
MD
LG