Ссылки доступа

Ўзбекистонда режани бажарган фермерлар ери ҳам ëппасига тортиб олинмоқда


Ўзбекистонлик айрим фермерлар Вазирлар Маҳкамасининг фермер хўжаликлари ер майдонларини мақбуллаштиришга доир қарори ижросининг айрим туманларда "босқинчилик" шаклида бораëтганини иддао қилди.

Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятидан мурожаат қилганларга кўра, маҳаллий ҳокимлар қарорга зид равишда фермер ерларини ëппасига давлат заҳирасига топширтириб, сўнгра серҳосил ерларни ўзларига яқин фермерларга юз гектарлаб бўлиб бермоқда.

Бу эса¸ суҳбатдошларга кўра¸ "илғор фермерларга мақбуллаштиришни қўлламаслик ҳақида"ги қарор бандининг очиқчасига бузилишидир.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, яна бир мақбуллаштириш жараëни бошланиши ортидан туман бўйича 124 фермер ва унинг хўжалигидаги ишчилар ишсиз қолган.

“Ҳоким ўзининг хоҳлаганини қилаяпти. Ҳамма фермердан ёппасига ариза ёздириб олишди. Бугун эрталаб ҳокимиятга борган эдим, 124 нафар фермер ишсиз қолгани аниқ бўлди. Буларнинг орасида режаларни доим бажариб келган фермерлар ҳам бор. Қаранг, қарорда энг ками 100 гектар бўлсин деб ёзилгану, лекин планларни бажариб келаётган, кўп тармоқли фермерликни яратиб қўйилган фермерларга тааллуқли эмас, деган жойи бор. Тўғри, балки техникаси камдир, лекин ерга яхши қараган, ҳеч кимдан қарзи бўлмаган, кредитини ёпган фермерлардан ҳам ер тортиб олинди. Бунга улар жуда норози”, деди ёзёвонлик фермер.

Бу суҳбатдош, мақбуллаштириш учун тузилган комиссия кабинетнинг ўзида фермерлар тақдирини ҳоким буйруғига мувофиқ ҳал қилаëтганидан шикоят қилади.

“Ўнта одам бир хонага қамалиб олиб, фақат қоғозга қараб фермерлар тақдирини ҳал қилиши яхши эмас. Комиссия аъзолари уларга берилган икки ҳафта мобайнида фермер хўжаликларига бориб, уларнинг иқтисодий ва техникавий аҳволини жойида ўрганиб чиқиб, хулоса бериши керак эди. Лекин булар ундай қилмаяпти, комиссияни ишини ҳокимнинг ўзи бошқараётганидан ҳамма нарсани тушуниб олса бўлади”, дейди фермер.

Тошкент вилояти Пскент туманидаги исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, туман ҳокими 19 январь куни ҳамма фермерларни мажлислар залига қамаб, ерини ўз ихтиёри билан давлат заҳирасига топшириш ҳақида ариза ёздириб олган.

Хоразм вилояти Шовот туманидаги “Асрор Нафосат” фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Абудллаевнинг айтишича, ҳали Вазирлар Маҳкамасининг мақбуллаштириш ҳақидаги қарори чиқмай туриб туман ҳокими барча фермерлардан ерларини давлат заҳирасига топшириш ҳақида ариза ёздириб олган.

“Тумандаги 350 дан ортиқ фермернинг ярми ишсиз қоладиган бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори фақат қоғозда қолиб кетаяпти, бу ёғига ҳоким ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда иш тутаяпти”, Нуриддин Абдуллаев.

9 январда "Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ҳукумат қарори қабул қилинган эди.

Қарорга кўра, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 100 гектар, ғаллачилик ва сабзавотчилик 20 гектар, боғдорчилик ва узумчилик 10 гектар қилиб белгиланган.

Айни пайтда мазкур қарорда "ер участкларидан самарали фойдаланаётган, шартномаларни бажариб келаётган, моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган пахта-ғаллачилик фермер хўжаликлари ерларини қарорда келтирилган ўлчамларда мақбуллаштиришга йўл қўйил"маслиги ҳам алоҳида банд қилиб ëзилган.

XS
SM
MD
LG