Ссылки доступа

Қозоғистонда рўмол ўраган ўқувчи қизларнинг ота-оналари жаримага тортилди


Қозоғистоннинг Оқтобе вилоятида мактабларда рўмолга рухсат берилмагани боис қизлари дарсга қатнашмаётган иккита оила ота-оналари жаримага тортилди.

Оқтобе вилоят таълим тизими устидан назорат департаментининг бўлим бошлиғи Жанар Мухамбеталинанинг сўзларига қараганда, Оқтобе шаҳридаги № 8 ва № 60 мактабнинг икки ўқувчи қизининг ота-онаси «вилоят таълим соҳасига оид қонунчиликда кўзда тутилган мажбуриятларни бажармагани боис» энг кам ойлик кўрсаткичнинг беш баробари (12 625 тенге ёки 30 доллар) миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.

Минтақа таълим бошқармаси маълумотига кўра, айни дамда вилоятда ўқув йили бошидан бери «мактаб формаси талабларига риоя этмагани боис» 10 нафар қиз дарсга қўйилмаяпти. Расмийлар ота-оналар билан суҳбат олиб борилаётганини айтишади.

Таълим тизими устидан назорат департаменти маълумотига қараганда, ўтган йили Оқтобе вилоятида қизларни мактабга рўмол ўраган ҳолда юборган 33 нафар ота-она жаримага тортилган. №31 мактабнинг физика фани ўқитувчиси, мактабнинг аввалги директори Сауле Баймагамбетованинг айтишича, рўмол ўраш билан боғлиқ можоралар туфайли директор лавозимидан кетишга мажбур бўлган.

2017 йилнинг декабрида Остона суди ўнлаб ота-оналарнинг рўмол ўраган қизларини дарсга қўйилмаслиги борасида мактаб раҳбариятининг қарори ноқонуний эканлиги тўғрисидаги даъвосини эътиборсиз қолдирди.

XS
SM
MD
LG