Ссылки доступа

Тожикистонда СИЗОда ўз жонига қасд қилган аёл тилхат берганидан кейин қўйиб юборилди


Истад Курбонова

СИЗОда ўз жонига қасд қилишга уринган Айний туманида истиқомат қилувчи 70 ёшли Истад Қурбоновага нисбатан, ҳеч қаерга кетмаслик борасида тилхат олишганидан сўнг, эҳтиёт чораси ўзгартирилди. Кекса аёл ўз билганича ер участкасини ўзлаштиргани ва у ерда ноқонуний объект қургани учун қўлга олинган эди.

Сўғд вилоят прокуратураси баёнот бериб, қўлга олинган аёл даволанишга муҳтож эканлигини, шу сабабли эҳтиёт чораси ҳеч қаерга чиқиб кетмаслик ҳақида тилхат олинганидан сўнг ўзгартирилганини малум қилди. Бу борадаги мактубни Истад Қурбонованинг қариндошлари олишди. Аммо мактубда ҳибсга олинган аёлнинг Айний туман ИИБ тергов изоляторида ўз жонига қасд қилишга уриниши сабаблари юзасидан тергов олиб борилиши ҳақида айтилмаган. Вилоят прокуратурасида Истад Қурбанова қариндошларининг ишни Хўжанд ёки Душанбе терговчилари томонидан олиб борилиши юзасидан берилган илтимослари «сезилмай қолган».

«Биз иш қонун доирасида объектив олиб борилишини сўраймиз. Биз маҳаллий терговчиларга ишонмаймиз. Агар тергов Хўжанд ёки Душанбедан келган мутахассислар томонидан олиб борилса яхши бўларди. Бироқ вилоят прокуратураси тергов маҳаллий прокуратура томонидан олиб борилиши керак, деган қарорга келди», - дейди 22 январ куни Истад Қурбонованинг эри Баҳодур Бобоев.

Бобоевнинг сўзларига қараганда, рафиқаси маҳаллий прокуратура ходимларининг ноҳалол ва обектив бўлмаган ҳатти-ҳаракатларига норозилик сифатида ўз жонига қасд қилишга уринган.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий ИИБ ҳибсга олинган Истад Қурбонова ўз устига тасодифан қайноқ сув қуйганидан сўнг туман шифохонасига ётқизилгани ҳақида маълум қилган эди.

Адвокат Дилбарой Мирзофотированинг таъкидлашича, ўз ҳимояси остидаги аёл ўзига ўт қўймоқчи бўлган. Бу версияни Истад Қурбонованинг ўғли Парвиз Бобоев ҳам тасдиқламоқда. «Онамни СИЗОдан шифохонага олиб келишганида, унинг чап елкасида ёнмай қолган матонинг бир парчасини кўриб қолдик», — дейди 17 январ куни Парвиз Бобоев.

СИЗОда бўлган чоғида аёл қандай қилиб ўзининг устига қайноқ сув қуйгани ёки ўзига ўт қўймоқчи бўлгани ҳозирча аниқ эмас. 70 ёшли Истад Қурбонова «Строительство СТД» корхонаси ҳудудидаги ер участкасини ўз билганича эгаллаб олиш айби билан ой бошларида ушланган эди.

Айний туман прокуратураси терговчиси Беҳруз Абдумажидзоданинг хабар қилишича, аёл ўз билганича эгаллаб олган ер участкасида омбор ва ҳаммом қурган. «У бизнинг сўроққа чақириш борасидаги чақирувномамизни инкор қилиб, терговчилар билан учрашувдан бўйин товлаганидан сўнг ушланди», - дейди Абдумажидзода.

Қариндошларининг сўзларига қараганда, Истад Қурбонова томонидан омбор ва ҳаммом қурилган ер участкасини у совет даврида олган.

XS
SM
MD
LG