Ссылки доступа

Туркманистоннинг айрим вилоятларда ноқулай об-ҳаво туфайли йўллар ёпилди


Кучли ёғингарчилик ва қорбўронлари туфайли Туркманистоннинг Дашўғиз ва Балкан вилоятларида йўллар ёпилди, электрузатиш линияларига зарар етди. Об-ҳаво ёмонлашгани тўғрисида тарқатилган хабарлардан сўнг Каспийда бўрон кузатилди ва пойтахт томон тўфон яқинлашаётгани маълум қилинди.

«Озодлик» радиоси мухбирларининг хабар қилишича, шимолий минтақаларда кузатилган кучли ёғингарчилик ва қорбўронлари Дошўғизда электрузатиш линиялари ва электр подстанцияларига зиён етказди. Об-ҳавонинг бирдан ўзгариши оқибатида Болдумсаз, Гўрўғли, С.Ниёзов ва Қўхна Ургенч этрпаларидаги кўплаб қишлоқлар электр манбаидан маҳрум бўлди.

«Мана уч кундирки мазкур этрапларнинг қишлоқларида электрга уланишнинг имкони бўлмаяпти. Ёқишлари билан 15 дақиқа ўтар-ўтмас яна ўчиб қолади», - дея 21 январ куни хабар беради минтақадаги «Озодлик» мухбири. Унинг сўзларига қараганда, бир неча кундан бери ҳаво ҳарорати 0 градусга тушиб кетган. Турар-жойларни иситиш билан боғлиқ мураккабликлар юзага келди.

«Кўп йиллардан бери қиш ойларида қишлоқларга табиий газ етиб бормайди. Электр узатиш линиялари ва подстанциялар ишдан чиққани боис одамлар электр манбаидан маҳрум бўлади. Шу сабабли ҳам электр иситгичлардан фойдалана олишмайди. Уйлар совиб кетган. Одамлар совуқ қотмоқда», - дея хабар беради «Озодлик» мухбири.

«Озодлик»нинг яна бир мухбирининг хабар қилишича, тез-тез кузатилаётган қорбўронлари туфайли сўнгги 10 кунда қишлоқларни ўзаро боғлаб турувчи автомобил йўллари беркитилди.

«Озодлик» мухбири кучли қор бўронлари оқибатида яйлов ва хусусий хўжаликларда қорамолларнинг нобуд бўлаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, вилоят расмийлари ҳозирча йўлларни қорлардан тозалашга етарлича эътибор қаратмаяпти.

XS
SM
MD
LG