Ссылки доступа

"Шатдаун" садоси Тожикистонга ҳам етиб борди


"Шатдаун" садоси - Амерка ҳукумати фаолиятининг қисман тўхтатилиши - Тожикистонгача етиб борди. Тожикистонда АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ходимлари ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 22 декабридан бошлаб АҚШда пул етишмаслиги сабаб ҳукумат фаолияти қисман тўхтатилди. Президент Дональд Трамп агар Мексика билан чегарага девор қуриш учун маблағ ажратилмайдиган бўлса у холда бюджетни тасдиқламаслигини айтмоқда.

Америка ҳукумати томонидан молиялаштириладиган Тожикистонда ерларни суғориш бўйича лойиҳа раҳбарларидан бирининг ўз номини айтмаслик шарти биланмаълум қилишича, улар бир ой муддатга ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган. «Бизни, агар "шатдаун" давом этадиган бўлса таътилимиз муддати узайтирилишидан огоҳлантиришди», - дейди суҳбатдош. Унинг сўзларига кўра, уларга ОАВ билан мулоқот қилишни тақиқлашган.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги 27 йил мобайнида Қўшма Штатлар Тожикистонга хусусий сектор, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва хавфсизликни ривожлантириш дастурлари учун 1,8 миллиард доллардан ортиқ ёрдам берган. Экспертларнинг фикрича, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасининг узунлиги (1344 км) АҚШнинг бу мамлакатга қизиқишига сабаб бўлган. Ўтган йилнинг 5 октябр куни АҚШ Тожикистонга қиймати $8 миллиондан ортиқ ҳарбий техника ва жиҳозларни берди. Маълум қилинишича, бу ҳарбий техникалар Афғонистондан бўладиган таҳдиларнинг олдини олишга ёрдам беради.

АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси куни кеча тарқатган хабарида, дипмиссиянинг Facebookдаги саҳифаси давлат идораларнинг фаолияти тўлалигича тикланмагунга қадар, хавфсизлик билан боғлиқ тезкор хабарлардан ташқари,янгиланмаслиги маълум қилинган. “Айни дамда АҚШ Элчихонаси ва Бош консуллиги вазият тақозосига кўра ўз фаолиятини давом эттирмоқда», - дейилади Америка дипмиссияси хабарида.

USAID – АҚШнинг халқаро тараққиёт Агентлиги доирасидаги айрим лойиҳалар ҳам тўхтатилган. Мақсади муҳожирлар саломатлиги ва силга қарши курашдан иборат лойиҳалардан бири бир ҳафта аввал фаолиятини тўхтатди. Бу лойиҳани миграция бўйича Халқаро ташкилотнинг Тожикистондаги ваколатхонаси ҳаётга татбиқ этаётган эди.

XS
SM
MD
LG