Ссылки доступа

Ўзбекистонда аёлларнинг сунъий йўл билан ҳомиладор бўлишига рухсат берилиши мумкин


Олий Мажлиснинг қуйи палатасига аёлларнинг сунъий йўл билан ҳомиладор бўлишига рухсат берилиши назарда тутилган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдим этилди.

Маҳаллий нашрларнинг 23 январь куни хабар беришларича, қонун бепушт аёлларнинг фарзанд кўриш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Хабарда айтилишича, жаҳон миқёсида оила қурганларнинг 10-15 фоизи бепушт экани аниқланган. Ўзбекистонда ўтказилган қатор тадқиқотлар эса турмушга чиққан аёлларнинг 4,9 фоизидан 5,3 фоизигача бўлган қисми фарзандли бўлиш бахтидан мосуво эканини кўрсатган.

“Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистонда хориж мамлакатларида кенг қўлланилаётган ва замонавий бўлган сунъий йўл билан уруғлантириш орқали бола туғдириш ва соғлом генофондни шакллантириш учун соғлом туҳум хужайраларини танлаб олиш амалиётидан фойдаланишга имконият яратиб беради”, деб айтган Олий Мажлис қуйи палатасининг саломатликни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Нурия Айтжонова.

Қонун лойиҳасида бу йўналишда давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш муаммоларига ҳам эътибор қаратилган.

Расмий маълумотда таъкидланишича, қонун лойиҳасини мукаммаллаштириш жараёнида бўлиб ўтган муҳокамаларда экспертлар Ўзбекистонда суррогат оналик ва эмбрионлар донорлиги каби замонавий ва қўшимча репродуктив амалиётни жорий этишга ҳали эрта, деган якдил фикрга келганлар.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларига сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказишга рухсат берилмаган. Шунинг учун бепушт аёллар сунъий йўл билан ҳомиладор бўлиш учун Туркия, Россия, Исроил каби давлатларга боришга мажбур бўлмоқдалар.

XS
SM
MD
LG