Ссылки доступа

Қашқадарёда ўзини осган 14 яшар бола ўқиган мактаб психологи маоши кесилди


Бу ҳақда хабар берган маҳалла фаолининг айтишича, бу воқеадан сўнг вилоят ҳокимлигидан вакил келиб мажлис ўтказган ва болалар билан яхши ишламагани учун мактаб психологининг уч ойлик маоши кесилганини айтган.

Туман прокуратураси бу воқеа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Ғузор туманининг Совбоғ қишлоғида яшаган, 27-умумтаълим мактабининг 8-синф ўғил бола ўқувчиси, 2005 йилда туғилган А.Т. 17 январь куни уйининг молхонасида ўз жонига қасд қилган.

Ўқувчининг исми сир қолишини сўраган яқин қариндошларидан бирининг айтишича, воқеа кечки пайт содир бўлган:

“Ўша куни улар оилавий кечки овқат ейишган. Кейин онаси болага молхонага бориб, молларнинг тагини тозалаб келишни буюрган. Орадан анча вақт ўтса ҳам у ҳеч келмас экан. Кейин онаси молхонага кириб кўрса, ўзини осиб қўйган экан”, дейди қариндошларидан бири.

Ғузор тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, бу воқеадан кейин бола суд-тиббий экспертизасидан ўтказилган ва у нафас йўлларининг беркилишидан келиб чиққан механик асфиксия натижасида ўлганлиги аниқланган.

Ғузор тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими бу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Аммо, Совбоғ маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, 27-мактаб психологига жазо берилган:

“Бу воқеадан кейин вилоят ҳокимлигидан бир опа келиб, қишлоғимиздаги коллежда ўқитувчилар, маҳалла фаолларини йиғиб мажлис қилди. Мен ҳам ўша мажлисда қатнашдим. Опа ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари бўлмаслиги учун мактаб маъмурияти етарлича иш қилмагани, психолог ўқувчилар билан ишламаганини танқид қилди. Кейин бундай ҳолатлар жазосиз қолмаслиги кераклигини айтиб, мактаб психологининг уч ойлик маоши кесилишини, мактаб раҳбариятига ҳам тегишли жазолар кўрилишини айтди”, деди маҳалла фаоли.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

XS
SM
MD
LG