Ссылки доступа

Ўзбекистонликларни олиб кетаётган автобус иштирокида юз берган ЙТҲ туфайли қозоғистонлик 7 йилга қамалиши мумкин


Қозоғистонлик автобус ҳайдовчиси ЙТҲ айби билан Саратов вилоятида суд қилинмоқда, дея вилоят ИИБ матбуот хизмати Ўзбекистон ОАВга маълум қилди. Мазкур ЙТҲ оқибатида беш нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган эди.

Буюртма автобус ва юк поезди 2018 йилнинг 17 ноябр куни РФ Саратов вилоятининг Озинск туманидаги бошқарилмайдиган темирйўл чорраҳасида тўқнашиб кетган эди. Бунинг оқибатида автобусдаги етти кишидан ўзбекистонлик бўлган беш нафар йўловчи ҳалок бўлди, ҳайдовчи ва унинг шериги бўлмиш Қозоғистон фуқаролари оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Полиция 61 ёшли автобус ҳайдовчисига нисбатан жиноий иш очди.

«Ҳайдовчига РФ Жиноят Кодексининг 264 моддаси 5 қисми «Эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган йўл транспорт ҳодисасини келтириб чиқариш» бўйича айблов қўйилди. Айни дамда мазкур жиноий ишнинг барча материаллари полиция терговчилари томонидан судга топширилди», – дейилади хабарда.

Ҳайдовчи етти йил озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Полициянинг аниқлашича, Kaessbohrer русумидаги автобусни бошқарган айбланувчи кўриш даражаси ёмонлиги сабаб светофорнинг тақиқлов сигналини ва овозли сигнализацияни пайқамаган, ҳамда яқинлашиб келаётган поездни сезмаган ҳолда автобусни чоррахага олиб борган.

XS
SM
MD
LG