Ссылки доступа

Тожикистон президентлигига номзодини қўймоқчи бўлган фуқарога тиббий кўрикдан ўтиш тавсия қилинди


Кувватали Муродов
Кувватали Муродов

Тожикистон Халқ фронтининг собиқ аъзоси Қувватали Муродовнинг 2020 йилги президентлик сайловларига ўз номзодини қўйиш ҳақидаги қарори жамиятда турли муносабатларга сабаб бўлди. Кимдир бу ташаббусга жиддий эътибор қаратмаган бўлса, яна кимдир уни кескин танқид қилмоқда.

Жумладан, Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази бу борада учта материал эълон қилди, мақола муаллифлари Муродовнинг ниятларига шубҳа билан қарашар экан, унга тиббий кўрикдан ўтишни маслаҳат беришган.

Қувватали Муродов ўтган ҳафта баёнот бериб, 2020 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ўз номзодини кўрсатишини маълум қилди. У, балки муносиб номзод эмаслигини, балки сайловларда етарлича овоз олишга қурби етмаслигини айтар экан, аммо демократик принциплардан келиб чиққан ҳолда сайловларда иштирок этишга ҳуқуқи борлигини таъкидлади. У шу тариқа сиёсат олдидаги қўрқувни енгиб ўтишга қарор қилганини билдирди. У шунингдек, тенгликка амал қилиш учун номзодларни қўллаб-қувватловчи имзоларни камайтириш лозимлигини таклиф қилди.

Айни дамда президентликка номзод кўрсатувчилар умумий сайловчиларнинг камида 5 фоизининг имзосини тўплашлари керак бўлади, бу таҳминан 210 минг сайловчининг имзоси деганидир.

Стратегик тадқиқотлар марказининг материалларидан бирида, «сиёсат олдидаги қўрқувни» йўқ қилувчи бўлмиш фуқаро аввалданоқ ўз кучига ишонмаслигини ва етарлича овоз тўплай олмаслигини намоён қилмоқда. Муаллифлар Муродовга тиббий кўрикдан ўтишни маслаҳат бермоқда.

Марказ директорининг биринчи ўринбосари Сайфулло Сафаров 23 январ куни баёнот бериб, материалларнинг муаллифлари Душанбеда яшовчи оддий одамлар эканини, улар ўз мақолаларини марказга олиб келганликларини айтди. Унинг сўзларига қараганда, бу масала бўйича марказ ходимларининг ҳам материаллари бор, аммо бумақолалар ҳозирча эълон қилинмаган.

Сафаров материаллар муаллифларининг фикрига қўшилишини, чунки ҳеч ким тожик халқига катта фаровонлик тақдим қилган амалдаги президент Эмомали Раҳмонга рақобатчи бўла олмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга у, бўлажак сайловларга Муродовнинг иштирокига қарши эмаслигини қайд қилиб ўтди.

2020 йилда амалдаги давлат раҳбари Эмомали Раҳмоннинг етти йиллик иккинчи муддат президентлиги ниҳоясига етади. Ҳозирча бирор бир киши президентлик пойгасида иштирок этиши юзасидан баёнот бермади.

XS
SM
MD
LG