Ссылки доступа

Фарғонада бузилаётган уйда қолаётган оилалар Мирзиёевдан ёрдам сўради (видео)


uzbekistan

Фарғоналиклар "Гидролиз шаҳарчаси" деб атайдиган ҳудудда бузилиши режаланган кўпқаватли уйлардан кўчирилаётган оилалар президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллади.

Фарғонада, "Гидролиз шаҳарчаси"да, мана 3 ҳафтардирки, бузила бошлаган бир неча кўпқаватли уйнинг яшовчилари ва маҳаллий ҳокимият идоралари ўртасида зиддият давом этмоқда.

Бу уйлардаги оилалар уларга таклиф қилинаётган янги уйларни бузилаётган уйларига нисбатан "сифатсиз, арзон ва шаҳар марказидан четда" деб, кўчишдан бош тортмоқда.

Улар ўзлари яшаб турган уй қийматига тенг ёки ундан арзонроқ, кичикроқ бўлса-да, шаҳар марказидан уй берилиши, ёхуд товон пули берилишини талаб қилмоқда.

Аммо, маҳаллий ҳокимият, улар учун Регистон кўчасидан ажратилган уйларни “янги қурилган ва бузилаётган уйларга нисбатан кенг”, деб товон пули беришдан бош тортмоқда.

24 январь куни бир неча оила маҳаллий раҳбарлардан арз қилиб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган.

"Биз ёрдам сўраб, бориш мумкин бўлган барча ташкилотлар – Бош прокуратура, шаҳар ва вилоят ҳокимиятларига мурожаат қилиб чиқдик. Биз ортиқча нарса сўраётганимиз йўқ. Биз нормал яшаш мумкин бўлган оддий турар-жой сўраяпмиз. Улар бизга бир дона таклиф бераяпти ва бошқа имконият йўқ, деяпти. Бирор товон пули ёки бошқа вариантларни таклиф қилмаяпти. Бунинг устига бу таклифни ҳам улар шантаж, таҳдидлар остида айтишаяпти", дейилади 38, 36, 32 ва 30-уйларда яшовчи оилалар номидан йўлланган видеомурожаатда, жумладан.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 23 январь куни бузилаётган ва бузилиши кутилаётган уйлардан чиқишдан бош тортаётган оилалар вазиятини ўз назоратига олганини билдирган.

Бош прокуратура берган рақамларга кўра, кўчиришнинг биринчи босқичида 8 та уйдаги 72 та хонадон Фарғона шаҳар Регистон кўчасидаги "тенг қийматдаги белгиланган талабларга жавоб берадиган янги, сифатли хонадонларга кўчирилмоқда".

Аммо, баёнотга муносабат билдирган фарғоналик айрим оилалар ўзларига нисбатан шаҳар ҳокимлиги, куч ишлатар тузилмаларининг босими кучайиб бораётгани, республика расмийлари, хусусан, Бош прокуратурага шаҳар ҳокимияти нотўғри маълумот бераётганини даъво қилди.​

Маълумотларга кўра, ҳокимият "янги уй", деб тақдим қилаётган Регистон кўчасидаги хонадонлар учун эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар эса, 23 январь кунги ҳолатга кўра, кўчиб кирган 40 дан ортиқ оилага ҳануз берилмаган.

XS
SM
MD
LG