Ссылки доступа

Қирғизистон билан чегарада отиб ташланган қозоғистонликнинг жасади ватанига топширилди


Қирғизистон чегарачилари томонидан отиб ташланган қозоғистонликнинг жасади 24 январ, пайшанба куни Қозоғистон томонига берилди, дея хабар беради Қирғизистон ОАВ.

Айни дамда икки мамлакат чегарачилари томонидан қўшма тергов ишлари олиб борилмоқда. Куни кеча Қирғизистон чегара хизматининг Талас участкаси бўйича вакили ва Қозоғистон чегара хизматининг Тараз участкаси вакили иштирокида учрашув бўлиб ўтди, дейилади маҳаллий ОАВ хабарида.

Ўлдирилган қозоғистонликнинг қариндошлари 23 январ куни Талас вилоятига келишди – улар тергов тадбирларида иштирок этмоқда. 24 январ куни марҳумнинг жасади Қозоғистон томонига берилди.

Шу билан бирга Қозоғистон чегарачилари мамлакат ҳудудларига қочиб ўтиб, яширинишга уринган икки нафар чегара бузувчини қидиришни давом эттирмоқда. Шунингдек, Қирғизистон ҳарбийлари ҳам Талас вилоятининг Манас тумани ҳудудида қидирув ишларини олиб бормоқда.

Хабарларга кўра, 24 январ куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков ва Қозоғистон ТИВ раҳбари Бейбут Атамқулов телефон орқали мулоқотда чегарада юз берган ҳодисани муҳокама қилишган.

23 январ куни Талас вилоятидаги Жайилган деган жойда Қирғизисторн чегара наряди Қозоғистон томонига ўнга яқин отларни олиб ўтмоқчи бўлган уч нафар чегара бузувчини ушлашга ҳаракат қилди. Гумондорлар «совуқ қурол ишлатган ҳолда қаршилик кўрсатди».

Қирғизистон чегара хизмати баёнотида таъкидланишича, гумондорлар ҳавога қарата отилган огоҳлантирувчи ўқни инкор қилишди ва чегара наряди гумондорларга қарата ўқ узишга мажбур бўлди, бунинг оқибатида гумондорлардан бири жароҳат олди ва кейинроқ вафот этди. Икки нафари Қозоғистон ҳудудига ўтиб яширинишга муваффақ бўлди.

XS
SM
MD
LG