Ссылки доступа

Тожикистонда 120 мингга яқин ўқувчи ОИТСдан текширилмоқда


Тожикистондаги умумтаълим мактабларининг 120 мингга яқин ўқувчиси ОИТС тестидан ўтмоқда. Республика ОИТСга қарши кураш ва профилактика марказининг маълум қилишича, тестнинг асосий мақсади – мактаб ўқувчилари орасида ОИВнинг бор-йўқлигини аниқлашдан иборат.

Бугунги кунда Тожикистонда ОИВга чалинганлар сони расман 7 минг кишидан ортиб кетган, уларнинг 800 нафари болалардир.

Икки нафар ўқувчининг онаси Жамила умумтаълим мактаб раҳбариятидан фарзандлари албатта ОИВ/ОИТС тестидан ўтиши лозимлиги тўғрисида мактуб олди. Мактубда таъкидланишича, экспресс-тест ўтказиш учун ота-оналарнинг ёзма розилиги керак бўлади. «Мен мутахассислар билан маслаҳатлашиб олганимдан сўнг бу текширувга рози бўлдим. Бундан ташқари барча санитария меъёрларига амал қилинаётганини кўрсин дея турмуш ўртоғимдан қон олинаётганда иштирок этишини сўрадим», - дейди суҳбатдош.

23 январ куни Тожикистон пойтахтидаги олтита мактабда ОИТС текшируви ўтказилди. Республика ОИТСга қарши кураш ва профилактика маркази мутахассисларининг сўзларига қараганда, текширувлар 10 февралгача давом этади.

«Акция бепул. Мутахассисларимиз бошланғич синфлардан тортиб то битирувчиларгача бўлган 118,7 минг нафардан ортиқ ўқувчидан қон олиб, тадқиқ қилиши керак бўлади. Бу тадбирлар хатар эҳтимоли бўлган шаҳарлар – Душанбе, Турсунзода ва Кулобдаги мактаб ўқувчилари орасида ОИВ инфекцияси бор ёки йўқлигини аниқлаш имконини беради», - дейди 24 январ куни Марказ директорининг ўринбосари Дилшод Сайбурхонов.

Республика ОИТСга қарши кураш ва профилактика маркази директори ўринбосарининг ишонишича экспресс-тест натижаларининг маҳфийлиги кафолатланади. «Мутахассисларимиз ОИТС топилган ўқувчиларнинг ота-оналари билангина боғланадилар», дея қўшимча қилади Дилшод Сайбурхонов.

XS
SM
MD
LG