Ссылки доступа

Туркманистонлик талабаларга таътил вақтида хусусий таксилардан фойдаланиш тақиқланди


Туркманистон олий таълим даргоҳларининг талабаларига қишки таътил кунларида самолёт ва поездлардан, шунингдек давлат автопаркларига тегишли автобуслардан фойдаланиш юклатилди.

Бу ҳақда Ашхабоддаги «Озодлик» мухбирига Мақтумқули номли Туркман Давлат университети ва Дашўғиздаги Қишлоқ хўжалиги институти талабаларининг ота-оналари маълум қилди. 25 январ куни Туркманистон олий ўқув юртларида имтиҳонлар якунланади ва йигирма кунлик таътиллар бошланади.

«22 январ куни олий таълим даргоҳларининг раҳбарияти талабаларга 25 январдан бошлаб таътил вақтида уйларига боришлари мумкинлигини эълон қилишган. Шу билан бирга талабалар фақат самолёт, поезд ва давлат корхоналарига тегишли автобусдан фойдаланишлари юзасидан огоҳлантирилдилар. Талабалар ўқишга қайтишлари билан чипталарнинг нусхасини деканатга топширишлари лозимлиги эслатилди. Талабаларга хусусий такси ва автобуслардан фойдаланиш тақиқланди», - деди ўз исмини ошкор қилишни истамаган Мақтумқули номли Туркман давлат университети талабасининг отаси «Озодлик» билан суҳбатда.

Олий таълим юрти раҳбарияти талабаларнинг ота-оналарига бу каби талаб айрим ҳолларда талабалар хусусий таксилардан фойдаланганларида юз бериши эҳтимоли бўлган «ноқулай вазиятлардан» огоҳлантириш мақсадида кўрилаётганини айтишди. Амалдорларнинг сўзларига қараганда, «ноқулай вазият» дейилганида талаба қизларга бўладиган шилқимлик назарда тутилади.

23 январ куни «Озодлик» мухбирининг хабар беришича, талабаларга транспортни танлаш талаби самолёт, поезд ва автобусларга чипталар тақчиллиги фонида қўйилмоқда.

«Шу сабабли вазиятдан фойдаланган темир йўл кассалари ва авиакассаларнинг ходимлари шундоқ ҳам қўшимча пора эвазига сотиладиган чипталар нархини кўтариб юборишди. Кассирлар чипта йўқлигини айтишади, агар танишлар орқали чипта сотиб олмоқчи бўлсангиз қийматнинг камида 50 фоизи миқдорида устама ҳақ тўлашингиз керак бўлади. Шунда ҳам ҳамма бунга муваффақ бўла олмайди», - дейди талабалардан бири «Озодлик» мухбирига.

Талабаларнинг ота-оналари таътил вақтида фарзандларининг ҳаракатланишидаги чекловлар, шунингдек уларнинг ўз вақтида уйга қайтишларини таъминлашда расмийларнинг бефарқлигидан ўз норозиликларини билдиришади.

XS
SM
MD
LG