Ссылки доступа

Халқ қабулхоналарига уйма-уй юриб, муаммони ҳал қилиш вазифаси юкланди


2019 йилнинг 1 февралидан Халқ қабулхоналари уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилишни бошлайди. ЎзА агентлиги берган хабарга кўра, бундай тартиб президент Мирзиёевнинг шу йил 17 январдаги қарори билан йўлга қўйилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 17 январида “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, мана шу фармонга мувофиқ, 1 февралдан бошлаб, давлат органлари аҳоли билан бевосита ишлашни назарда тутувчи янги тизимни йўлга қўядилар. Яъни, пойтахт ва вилоятлардаги Халқ қабулхоналари бошчилигидаги давлат органи вакиллари уйма-уй юриб, ҳар бир оила муаммосини аниқлаш ва ҳал қилишни бошлаши лозим.

Расмий хабарда айтилишича, шу кунда республикадаги халқ қабулхоналари раҳбариятлари президент маъмурияти томонидан Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган 5 кунлик малака ошириш ўқув курсларида ўқитилмоқда.

Бу ўқув курслари "Халқ қабулхоналари институти фаолиятини янги босқичга олиб чиқишдаги яна бир муҳим қадам" сифатида баҳоланмоқда.

Халқ қабулхоналари - президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил қилинганди.

Хусусан, президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси сайтида, аҳоли мурожаатларининг асосий қисми, яъни 51 фоизи онлайн шикоят йўллаш усули билан шахсан президентга йўллангани, мурожаатларнинг 44 фоизи телефон орқали, фақат 4 фоизи маҳаллий ҳокимликлардаги Халқ қабулхоналарига бўлгани айтилган эди.

XS
SM
MD
LG