Ссылки доступа

Мактаб директори ўқувчини уриб, қулоқ пардасини йиртиб ташлади


Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани, Полвонлар юрти маҳалласида яшайдиган Нодира Эргашева унинг дарсга кеч қолган ўғлини 4-умумтаълим мактабининг директори уриб, қулоқ пардасини йиртиб юборганидан арз қилди.

Онанинг шикоят қилишича, 18 яшар ўғлининг қулоқ пардаси йиртилганини маҳаллий врачлар тасдиқлаган ва у бир ҳафта касалхонада даволаниб чиққан.

Она ўғлига қаттиқ жароҳат етказган мактаб директорига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаётганидан шикоят қилди.

Жарқўрғон туманининг Полвонлар юрти маҳалласида яшайдиган, 40 яшар тиббиёт ҳамшираси Нодира Эргашеванинг Озодликка айтишича, 12 январь куни эрталаб дарсга беш минут кеч қолган ўғли, 11-синф ўқувчиси Анвар Маматмуродовни мактаб директори Дилшод Бабанов уриб, қулоқ пардасини йиртиб ташлаган:

- Директор дарсга кечикканларни ҳовлида йиғиб турган экан. Ўғлим шошилиб мактабга кириб кетаётса, директор уни чақириб, бош кийимини ечтириб, қулоқ аралаш қаттиқ урибди. Соат 12ларда менга телефон қилиб, қулоғим қаттиқ оғрияпти, деди. Кейин туман поликлиникасига олиб бориб, текширтирсам, дўхтирлар қулоқ пардаси йиртилган, деган хулоса берди, дейди Нодира Эргашева.

Унинг айтишича, ўғли февраль ойида ҳарбий билим юртига ҳужжат топшириши керак эди:

- Болам мен ҳарбий бўламан деб, беш йилдан бери тайёргарлик кўриб келаётган эди. Энди, у ҳарбий тиббий комиссиядан ўта олмайди. Менга янада алам қилаётгани ҳам шу, дейди Нодира Эргашева.

4-мактабнинг 11-синфида ўқиётган Анвар Маматмуродов, мактаб директори болаларни мунтазам калтаклаб келишини айтади:

- Ҳақиқатан эрталаб беш-ўн минут дарсга кеч қолдим. Қарасам, директор ўқувчиларни йиғиб турган экан. Мен ўтиб кетаётгандим, директор чақириб олдида, шапкангни еч, деди. Ечишим билан қулоқ аралаш чаккамга икки марта қаттиқ урди. Қулоғим шанғиллаб кетди. Кейин оғриқ кучайиб кетди ва онамга телефон қилдим, дейди Анвар Маматмуродов.

Жарқўрғон тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори Илҳом Норбоев бу иш бўйича барча ҳужжатлар туман прокуратурасига топширилганини айтди.

Жарқўрғон тумани марказий касалхонасининг қулоқ-бурун касалликлари бўлими шифокори Муяссар Қодирова Анвар Маматмуродовнинг қулоқ пардаси йиртилганини тасдиқлади.

XS
SM
MD
LG