Ссылки доступа

10 мингдан ортиқ тожикистонлик Россияда жазо муддатини ўтамоқда


Тожикистоннинг Москвадаги элчихонасининг маълумотларига қараганда, айни дамда Россияда 10 мингдан ортиқ Тожикистон фуқароси ҳибсда ушлаб турилибди.

Россия расмийларининг баёнотларига қараганда, мамлакат ҳудудларида бир миллионга яқин тожикистонлик бор. 2013 йилда Россия матбуотида терроризмда айбланган Тожикистон фуқаролари ушланаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлиб турарди: уларнинг айримлари ватанга экстрадиция қилинса, айримлари Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтайди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашларича, кўп ҳолларда Россия тузилмалари терроризмда айбланаётганлар ҳақида қариндошларига маълумот бермайди. Россияда муҳожирлар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи Каримжон Ёровнинг сўзларига қараганда, хуқуқ тартибот идоралари одатда хавфсизлик омилига эътибор қаратишади, улар терговга ҳалақит берилмаслигини исташади. «Ёш тожикистонликнинг йўқолиб қолиши билан боғлиқ ҳодиса ҳам юз берди. Орадан бир ярим йил ўтганидан кейингина биз унинг экстремизмда айбланиб панжара ортида эканлигини билиб қолдик», - дейди Ёров.

Ўтган ҳафтада Москва шаҳар харбий суди Марказий осиёлик 11 кишини, улар орасида Тожикистоннинг 5 фуқароси ҳам бор, 6 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум қилди – уларнинг ҳаммаси «Ислом Давлати»нинг аъзолигида айбдор деб топилди. Ҳукм қилинганларнинг ҳаммаси 2016 йилда ФХХ томонидан Москва ва Санкт-Петербургда ўтказилган амалиёт чоғида ушланган эди.

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасининг маълум қилишича, тожик дипломатлари мазкур суд жараёнига таклиф қилинмаган. Манбанинг сўзларига қараганда, Россия қонунчилигига кўра, дипломатик идора ходимлари судланувчиларнинг талаби билан судга таклиф қилинади.

Айни дамда Россияда Интерпол томонидан Тожикистоннинг 30 нафар фуқароси қидирилмоқда, уларнинг кўпчилиги террор гуруҳлари аъзолигида гумон қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG