Ссылки доступа

Орол денгизининг қуриган тубидан чучук сув топилди


Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидан 200 километр, Нукус шаҳридан эса 400 километр олисда жойлашган "Возрождение" оролидан чучук сув топилди.

ЎзА агентлиги хабарига кўра, бу ҳудуд Орол денгизининг йиллардан буён қуриб ётган майдонида жойлашган. Расмий хабарда айтилишича, чучук сув Жанубий Орололди артезиан бассейнининг Бор давридаги ётқизиқларидан, яъни 260-280 метр чуқурликдан чиқмоқда.

"Сув сарфи секундига 7 литрни ташкил қилаётган бу сувнинг минераллашуви 3 грамм, қаттиқлиги 6 миллиграмм эквивалентга тенг", деб хабар қилди агентлик.

Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси бошлиғи Шавкат Олимовнинг агентликка айтишича, фойдаланишга яроқли бўлган чучук сув манбасидан очилган булоқлар Қорақалпоғистоннинг Чимбой, Тахтакўпир, Қораўзак туманлари ҳудудларини қамраб олган.

26 январь куни денгиз ҳудудида чучук сув топилиши муносабати билан маҳаллий ва республика расмийлари иштирокида тантанали тадбир ўтказилди.

Расмийлар қуриган денгиз ҳудудига чучук сувнинг қайтиши секин-секин оғир экологик вазиятни яхшилайди, деб таъкидлади.

XS
SM
MD
LG