Ссылки доступа

Зўравонликлар фонида Қозоғистон ИИВ балоғатга етмаганлар ишлари бўйича комиссияни чақирди


Тармоқда ўсмирларга нисбатан зўравонликлар билан боғлиқ ҳодисалар акс этган видеонинг тарқалиши ва фойдаланувчилар томонидан кенг мунозаралар авж олгани муносабати билан Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги балоғатга етмаганлар ишлари бўйича комиссияни чақириш таклифини илгари сурди.

«Туркистон, Қизил Ўрда, Қарағанда ва Оқтобе вилоятларида юзага келган вазиятни муҳокама қилиш ва ташкилий-амалий чора тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Таълим ва фан вазирлигига балоғатга етмаганлар ишлари ва уларнинг хуқуқларини Қозоғистон ҳукуматида ҳимоя қилиш бўйича идоралараро қўшма комиссиянинг фавқулотда мажлисини чақириш таклифи билан чиқди», – дейилади ИИВ матбуот котиби Алмас Садубаевнинг баёнотида. Баёнот душанба куни маҳаллий ахборот агентликлари томонидан эълон қилинди.

Қонунчилика кўра, жиноят содир этган вақтда 14 ёшга кирган шахс Жиноят Кодексининг бир қатор моддалари, жумладан 293-модда (“Безорилик”)нинг 2- ва 3- қисми (“Оғир оқибатларга олиб келган безорилик”) бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ўтган жума куни ИИВ ўтган йилнинг январь ойида Қизил Ўрта шаҳридаги мактабда юз берган ҳодиса юзасидан тергов бошланганини маълум қилди. 21 январ куни Тармоқда пайдо бўлган видеоёзувда уч нафар мактаб ўқувчиси юқори синф ўқувчилари томонидан ҳақорат қилинаётгани акс этган. Ҳодиса ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлди. Полиция Жиноий Кодексининг 293- моддаси («Безорилик») бўйича тергов бошлади. 10 январ куни Оқтобе полицияси юқори синф ўқувчилари ва битирувчилар ўртасида юз берган муштлашувлар билан боғлиқ ҳодисани тергов қилаётгани ҳақида маълум қилди. Полиция маълумотига кўра, ўша муштлашув туфайли пичоқдан жароҳат олган биринчи курс талабаси шифохонага ётқизилди.

«Профилактика мақсадларида ота-оналар ва ўқитувчиларни балоғатга етганлар жавобгарликка тортилиши ҳақида маълумот беришларига чақирамиз, болаларга ўйланмай босилган қадам оқибатлари ҳақида маълумот бериб туриш керак», — дейилади Садубаев баёнотида.

XS
SM
MD
LG