Ссылки доступа

Қирғизистонда «Мегаком» уяли операторини сотмаслик ҳақида сиёсий қарор қабул қилинди


Қирғизистон ҳукумати “Мегаком” уяли оператори бренди остида машҳур бўлган «Альфа Телеком» ЁАЖни сотмасликка қарор қилди. Бу ҳақда “Озодлик” радиосига интервью берган компания бош директори Ақилбек Жамангулов баёнот берди.

«Мамлакат президенти Сооронбай Жээнбеков ва бош вазир Мухаммедкалий Абилғазиев томонидан сиёсий қарор қабул қилиниб, компанияни давлат балансида қолдиришга қарор қилинди. Давлат компанияси давлатга фойда келтириши керак. Биз 100 фоиз давлатга тегишли бўлган намунали компания ташкил қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Катта иш қилинмоқда», - деди у.

Жамангуловнинг қўшимча қилишича, сўнгги 5 йилда компания давлатга дивиденд сифатида 15 млрд сом (214 млн доллар), солиқлар билан қўшиб ҳисоблаганда –20 млрд сомга яқин маблағ тўлади. Унинг айтишича, ҳар йили давлатга «Мегаком»дан тушадиган даромадни 20-30%га ошириш режалаштирилмоқда.

«Мегаком» Қирғизистондаги учта йирик уяли оператордан бири ва давлатга тегишли йирик корхона ҳисобланади. «Альфа Телеком» (эгаси «Мегаком») ЁАЖ акцияларининг 100 фоизи Давлат мулкини бошқариш Фонди сиймосида давлатга тегишлидир.

2015 йилдан бошлаб ҳукумат уч марта «Мегаком»ни сотишга уринди, бироқ инвесторларнинг қизиқиши бўлмади. Вазирлар маҳкамаси компанияни 13,5 миллиард сомга баҳолаган эди.

XS
SM
MD
LG