Ссылки доступа

Тошкент ҳокимига қарашли компания ишчилари ўзларининг қулдек ишлатилаëтганини айтмоқда


Ўзбекистондаги энг йирик қурилиш лойиҳаси – Tashkent Cityнинг бош пудратчиси, мамлакатдаги йирик девелоперлик ширкатларидан бири Discover Invest мингдан ошиқ ишчини ҳафтасига 7 кун¸ 12 соатлаб ишлатмоқда.

Discover Invest расмийсининг айтишича¸ Akfa Group ҳолдинггига қарашли. Бу ҳолдинг акцияларининг 70 фоизи эса¸ Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларга кўра¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашлидир.

Discover Invest ишчиларига кўра¸ 27 январь куни 10 ишчининг беш минут дам олгани учун прораб томонидан ишдан ҳайдалиши юзлаб одамнинг иш ташлашига сабаб бўлган.

Ишчилар ўзларини Қашқадарë¸ Сурхондарë ва Жиззах вилоятларидан келиб¸ Discover Invest компанияси қураëтган объектларда ишлаëтган оддий қурувчилар деб таништирди.

Уларнинг билдиришича¸ уч ойдан бери бирор кун дам олишсиз кунига 12 соатдан ишлаëтган ишчилардан 10 нафарга яқинининг ишдан бўшатилиши хабари¸ 27 январь куни “тўполонга сабаб бўлган”.

“Уч ойдан бери бирор кун дам олмасдан совуқда итдек ишлаяпмиз. 10 киши ишлаб чарчаганидан энди 5 минут дам олиб турса¸ прораблар келиб суратга олган ва уларни ишдан бўшатамиз деган. Қолган ишчилар уларни ҳимоя қилиш учун якшанба куни эрталаб йўқлама пайтида ëтоқхонанинг олдида иш ташлаш қилди. 300 тача одам тўполон қилгандан кейин¸ прораблар кечирим сўраб¸ уларни ишда қолдирди ва ишчилар бугундан (28 январь - таҳр.) яна Шаҳристон кўчасида йўлнинг пиëдалар ўтадиган қисмига брусчатка теришаяпти”¸ деди Discover Invest ширкати қурилиш объектларидан бирида ишлаëтган қурувчи.

“Орамизда уч хил тоифа ишчи бор – уста¸ устанинг ëрдамчиси ва разнарядчиклар. Уста 2¸5 миллион¸ устанинг ëрдамчиси 2 миллион¸ разнийлар 1¸4 миллион сўм ойлик олади. Ойнинг биринчи ва 15 куни нақд пул тарқатишади. Энг қизиғи¸ пул берилиши билан¸ вилоятлардан одам олиб келган “куратор”лар¸ уста ва уста ëрдамчиларидан 200 минг сўмдан йиғиб олади – иш топиб берганим ҳақи деб. Ҳар 30 та одамга битта бригадири бор¸ ана шу бригадирлар йиғиб олиб¸ билишимизча¸ қоровуллар бошлиғига беради. Уста бермайман деса¸ уни разнийга туширади ва ишдан ҳайдайди. Ҳеч кимга шикоят қилолмаймиз¸ чунки келган жойимизда шу иш ҳам йўқ”¸ дейди воҳа вилоятларидан биридан келган оддий ишчи йигит.

Суҳбатдошга кўра¸ бундай оғир шароитда ишлаб¸ яшаëтганларнинг аксарияти 20-25 ëшдаги ëш йигитлар ва улар Россияга кетмаслик учунгина¸ бу ишга кўнишга мажбур бўлган.

Давлат Мулк қўмитаси ва адлия тизими мулозими¸ шунингдек¸ ўзбекистонлик айрим девелоперлар¸ Discover Invest ва у қарашли Akfa Group ширкатининг асл эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев экани ҳеч кимга сир эмаслигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Меҳнат Кодексига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим¸ деб ëзиб қўйилган.

XS
SM
MD
LG