Ссылки доступа

Қирғизистонда давлат қарзи лимити ЯИМнинг 70 фоизигача кўтарилади


Ҳукумат давлат қарзининг лимитини ЯИМга нисбатан 70 фоизгача кўтарилишини таклиф қилмоқда. 28 январ куни парламентнинг бюджет ва молия масалалари бўйича қўмитаси Бюджет кодексига тегишли ўзгартиришларни киритди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати маълум қилди.

Молия вазири Бақтигул Жээнбаеванинг тушунтиришича, ЕОИҲ тўғрисидаги Шартнома қоидаларига кўра, бюджетдаги тақчиллик ЯИМнинг 3% дан ошиб кетмаслиги керак, ЯИМга нисбатан давлат қарздорлик даражаси 70%дан ошмаслиги лозим.

Депутатларнинг саволига жавоб берган вазир, 70% айни дамда «оптимал» кўрсаткич эканлигини таъкидлади.

Ташаббусчиларнинг фикрича лимитнинг оширилиши, бюджет қонунчилигини такомиллаштирилишига олиб келади, уни халқаро стандартларга яқинлаштиради ва давлат молиявий бошқарувида илғор инновацияларга мослаштиради.

Молия вазирлигининг 2018 йил 30 ноябрдаги маълумотларига кўра, Қирғизистоннинг давлат қарзи 4 млрд 477 млн долларни ёки ЯИМнинг 58% га яқинини ташкил қилади. Давлат қарзининг 85,7% ҳажмини ташқи қарз, 14,3% ни ички қарз ташкил қилади.

Қирғизистоннинг энг кўп қарзи Хитой Экспорт-импорт банки ҳиссасига тўғри келади – бу банкдан 1,71 млрд доллар қарз. 2018 йил мартида ҳукумат битта кредитор олдидаги қарзнинг энг юқори кўрсаткичини белгилади – унга кўра қарз давлат қарзларининг 50% дан ошиб кетмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG