Ссылки доступа

Қозоғистонда муштлашув вақтида вафот этган ўсмирнинг ўлими қотиллик сифатида тергов қилинмоқда


Оқтобе вилоятининг Шалқар шаҳрида юқори синф ўқувчилари ўртасида юз берган муштлашув оқибатида ўсмирнинг вафот этиши қотиллик сифатида тергов қилинмоқда.

Шалқар туман прокурори Арон Абилов 28 январ куни баёнот бериб, Жиноят кодексининг 99-моддаси 1-қисми («Қотиллик») бўйича жиноий иш очилганини айтди. Хабарларга кўра, ҳодиса бир ҳафта аввал маҳаллий кўлнинг муз майдончасида юз берди.

Муштлашув № 6 мактаби ва Идрис Ургенишбаев номли мактабнинг бир гуруҳ юқори синф ўқувчилари ўртасида юз берди, деди ҳар икки мактаб директорлари. Туман шифохонаси бош шифокори Асқар Есмагамбетовнинг айтишича, муштлашув оқибатида бир ўқувчи пичоқдан олган жароҳати туфайли вафот этди. Вафот этган ўқувчи —Ургенишбаев номли мактабнинг 10 синфида таълим олаётган Мирасбек Даулетиярдир.

Бош шифокорнинг даволаш –профилактика ишлари бўйича ўринбосари Есенгали Копеновнинг сўзларига қараганда, номаълум шахслар жабрдийдани шифохона биноси олдига ташлаб кетишган, уни пайқаб қолганлар шифохона ичкарисига олиб киришди. Копеновнинг айтишича, бемор кўп қон йўқотган. «Юрак атрофида чуқурлашиб кетган жароҳатни кўрдик. Орадан 15 дақиқа ўтиб ўлим ҳолати қайд қилинди», — деди Копенов.

6-сонли мактаб директори Алия Оспанованинг сўзларига қараганда, юз берган ҳодисадан сўнг 10-синфнинг бир нечта ўқувчиси ушланди. «Гумондор сифатида ушланган 10-синф ўқувчиси Асилбек Сабир айни дамда ички ишлар бўлимида ушлаб турилибди. Уч нафар ўқувчи гувоҳ сифатида сўроқ қилинганидан сўнг қўйиб юборилди», — деди директор.

XS
SM
MD
LG