Ссылки доступа

МХҚ: Суриядаги 300 нафар қозоғистонликдан - 100 жангаридир


Сурияда можаро худудларида 300 нафар қозоғистонлик қолган, уларнинг 100 нафарга яқини жангарилардир.

Бу ҳақда бугун Сенатнинг мудофаа, хавфсизлик ва халқаро ишлар қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси(МХҚ) раисининг ўринбосари Нургали Билисбеков баёнот берди, дея хабар қилади маҳаллий ахборот агентликлари.

Унинг сўзларига қараганда, Сурияда бўлган Қозоғистон фуқаролари орасида хотин-қизлар ва болалар ҳам бор.

«Аёлларнинг асосий қисми эрлари билан у ерга борган ва қолиб кетган. Шунингдек, Қозоғистон ҳудудларида жиноий жазога тортилганлари ҳам бор. Мажаро ҳудудларидаги бизнинг аёлларимиздан айримларибу жараёнга тортилганлари ҳақида маълумотлар бор. Биз хуқуқий жиҳатдан уларнинг ҳатти-ҳаракатларига баҳо берамиз. Улар мамлакатимизга қайтарилганларидан кейин жиноий жавобгарликка тортиладилар», - деди Билисбеков, унинг бу сўзларини Қозоғистон нашрлари иқтибос сифатида келтирмоқда.

МХҚ раиси ўринбосарининг маълумотига қараганда, Қозоғистон учун «Сурия, Ироқ ва Афғонистон ва минтақадаги вазият инобатга олинадиган бўлса маълум бир чақириқлар бор».

«Афсуски, биз халқаро террор ташкилотлари манфаатлари орбитасидамиз, буни январ ойи бошларида Олмаотада бир гуруҳ аъзоларнинг қўлга олиниши исботламоқда. Уларга Қозоғистон ҳудудларида терактлар уюштириш борасида хорижда турганлар кўрсатма беришган. Мақсад аниқ - беқарорлик муҳитини яратиш, бошбошдоқлик уруғини сепишдан иборат», - деди Билисбеков.

Бундан аввал, Қозоғистон расмийлари, 6 январ куни «инсонпарварлик амалиётлари» натижасида Суриядан 47 нафар Қозоғистон фуқароси, жумладан кўпчилигини бир ёшдан 5 ёшгача бўлган 30 нафар бола ва 11 нафар аёл эвакуация қилингани ҳақида маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG