Ссылки доступа

Самарқандда 20 яшар фермер йигит уйи молхонасида осилган ҳолда топилди


Generic -- Suicide

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида 28 январь куни 21 ёшли О.Н ўз уйи молхонасида осилган ҳолда топилди. Яқинлари у ўзини осган бўлишини айтишмоқда. Пахтачи туманининг Истиқбол маҳалласида фермерлик билан шуғулланиб келган йигитнинг нега жонига қасд қилгани маълум эмас.

Фермер йигитнинг исми сир қолишини сўраган яқин қўшниларидан бирининг айтишича, воқеа 28 январь куни кечки пайт содир бўлган.

“Дод-вой кўтарилди. Қўни-қўшни тўпланди. Милиция келди. Онаси ҳушидан кетиб қолган. Нимага бундай қилганига ҳаммамиз ҳайронмиз. Онаси молларга сув бергани борганида қўй боғлайдиган арқон билан ёғоч тўсинга осилган ҳолда кўрган”, - дейди қўшни.

Пахтачи тумани Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, бу воқеадан кейин жасад суд-тиббий экспертизасидан ўтказилган ва О.Н.нинг нафас йўлларининг беркилишидан келиб чиққан механик асфиксия натижасида ўлганлиги аниқланган.

Марҳумнинг қўшниси ўлган йигит оиласи билан чорвадорлик ва фермерлик қилиб келганини айтади.

"Булар томорқа ери ва беш-олти моли ҳисобидан тирикчилик қилиб келган. Фермерлик фаолияти билан боғлиқ муаммоси бўлганидан хабарим йўқ", - деди қўшниси.

Суҳбатдошларга кўра¸ ўлим сабаблари ҳақида аниқ маълумот йўқлиги ортидан¸ марҳум яшаган маҳаллада турли тахминлар кўпайиб кетган.

Марҳумнинг исмини айтмаган қариндоши бу иддаоларни рад қилди.

“Оилада бешта жон, бошқалар қатори зўрға кунини кўриб яшашади. Агар иқтисодий тушкунлик бўлса¸ унда ҳамма ўзини осиши керак. Севган қизи бўлганини ҳам билмаймиз. Лекин уни уйлантириш ҳаракатига тушишган эди. Руҳий проблемаси ҳам бўлмаган. Тўғриси¸ биз нимага ўзини осганини билмаяпмиз, ҳайронмиз, - дейди осилган холда топилган 20 ёшлик О.Н.нинг қариндоши.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

XS
SM
MD
LG