Ссылки доступа

Россияда Магнитогорскдаги портлашдан кейин қирғизистонликни қийноққа солиш тўғрисидаги маълумотлар текширилмоқда


Челябинск вилоят Тергов бошқармаси 29 ёшли Қирғизистон фуқаросининг қийноққа солингани тўғрисидаги маълумотларни текширмоқда, унинг Магнитогорскдаги турар-жой биносида юз берган портлашга алоқаси бор ёки йўқлиги текширилган.

Шу билан бирга терговчиларнинг таъкидлашларича, жабрдийда ва унинг рафиқаси "зўравонлик ишлатилганини қатъиян инкор қилмоқда".

"Бироқ, эркакда тан жароҳати борлиги аниқланди", – дея Znak.com нашрига Челябинск вилоят прокурори Виталий Лопин маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, полиция Тергов қўмитасига текширув материалларини топширди.

Магнитогорскда полиция томонидан Қирғизистон фуқороси Ҳусниддин Зайнабидинов ушлангани ва қийноққа солингани ҳақида ўтган ҳафтада «Озодлик» радиосига унинг рафиқаси Ҳалимахон маълум қилган эди. Зайнабидинов Магнитогорскда 16 январ куни ушланди. Ушлангандан сўнг унга соқолли номаълум кишиларнинг суратини кўрсатишган ва улар ҳақида маълумот беришни сўрашган. У рафиқасига полициячилар ўзини Магнитогорскдаги кўп қаватли уйда юз берган портлашга алоқаси борликда гумон қилгани ва суратдаги кишилар ҳақида кўрсатма беришни талаб қилишгани, шу билан бирга ўзига нисбатан ток ишлатилгани ва калтаклангани ҳақида айтиб берган. Қийноқлар гўёки олти соатга яқин давом этган.

Россия ИИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, Зайнабидинов уйдаги портлашга алоқаси борликда текширилмаган. Шу билан бирга қийноқлар ҳақидаги хабарларгаидора вакили Ирина Волк бирор бир изоҳ бермади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевнинг сўзларига қараганда, Зайнабидинов ҳибсга олинган ва уни Қирғизистонга экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. ВатанидаЗайнабидинов 2010 йилда мамлакат жанубида юз берган миллатлараро тўқнашувларга алоқаси борликда айбланади. Ҳамроевнинг таъкидлашича, Магнитогорскдаги ҳодисадан кейин келиб чиқиши Марказий Осиёдан бўлган фуқоролар оммавий тарзда ҳибсга олинмоқда ва уларга нисбатан босим кўрсатилмоқда.

31 декабр куни эрталаб Магнитогорскдаги тўққиз қаватли бинонинг йўлакларидан бирида юз берган кучли портлаш оқибатида уйнинг бир қисми қулаб тушди. 39 киши ҳалок бўлди. Ҳуқуқ тартибот идоралари ҳодисанинг асосий сабаби маиший газнинг портлаши сифатида кўрмоқда. Ўз манбаларига таянган бир нечта нашр портлаш теракт бўлиши эҳтимоли ҳақида маълум қилди. "База" нашри гумондорлар сифатида Магнитогорскда яшовчи Маҳмуд Жумаев, Алишер Қаимов ва Алмир Абитовлар кўрилаётганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG