Ссылки доступа

Душанбе ҳудуди атрофдаги Рудакий тумани ерлари ҳисобига кенгайтирилди


Душанбе шаҳрининг майдони Рудакий туманидаги - Сариқишти, Гулистон, Навобод, Чортепа, Чоряккорон, Россия ва Чимтепа қишлоқ кенгашлари ҳисобига 7,7 минг гектарга кенгайди, дея журналистларга маълум қилди Тожикистон ҳукумати қошидаги Архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Жамшед Аҳмадзода.

Эндиликда Тожикистон пойтахтининг майдони 20 минг 318,25 гектарни ташкил қилади. «Пойтахт маъмуриятига қўшилган ҳудудларда саноат корхоналари, осмонўпар бинолар қад ростлайди, янги мактаблар, шифохоналар пайдо бўлади, йўллар ва бошқа иншоатлар қурилади», дея таъкидлади Аҳмадзода.

2017 йилда ҳукумат томонидан қабул қилинган «Душанбе шаҳрининг Бош режаси» ҳақидаги қарорда, пойтахт ҳудуди 2025 йилга қадар 18 минг гектарга, 2040 йилга бориб эса 25 минг гектарга кенгайтирилиши таъкидланган эди.

Яқинда Тожикистон Геодезия ва Ер бошқармаси Давлат қўмитаси идора мутахассислари томонидан Душанбе маъмуриятига топшириладиган Рудакий туманидаги айрим қишлоқ кенгашларидаги ер бошқаруви тўғрисидаги зарур ҳужжатлар тайёрлангани ҳақида маълум қилган эди.

Мутахассисларнинг фикрича, ички миграция ва туғилиш даражаси кўплиги ҳисобига пойтахт аҳолиси 1 милион кишидан ошиб кетди.

Куни кеча Тожикистон Адлия вазири Рустам Шоҳмурод шаҳар ҳудуди кенгайгани муносабати билан пойтахт маъмурияти бир қатор муҳим масалаларни ҳал қилиши кераклигнини маълум қилган эди. "Мэрия тез орада расман шаҳарлик бўладиган аҳолига пойтахтда яшаш қоидалари юзасидан тушунтириш бериши керак: пойтахтликларга мол боқиш тақиқланади, уларнинг кўпчилигининг уйида мол боқилади. Қишлоқ аҳолиси 12 сотих ер участкасига эга, шаҳарда эса ер участкаси 6 сотихдан ошмайди. Шулардан келиб чиққан ҳолда пойтахт маъмурияти, Душанбеликлар хуқуқларини поймол қилмайдиган қарор қабул қилиши керак», - дея таъкидлади Рустам Шоҳмурод.

XS
SM
MD
LG