Ссылки доступа

Ислом Каримовнинг туғилган куни муносабати билан Мирзиёев Самарқандда ош берди


Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов туғилган кун муносабати билан 30 январда Ўзбекистонда хотира тадбирлари ўтказилмоқда.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, тадбирни президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Тошкент шаҳрида Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш билан бошлаб берди.

​“Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана - 30 январь кунини кенг нишонлаш белгиланган”, дейилади расмий маълумотда.

Шавкат Мирзиёев Тошкентда Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйганидан сўнг Самарқанд шаҳрига борди.

Ислом Каримов дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуасида Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида эҳсон оши берилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

Пойтахт ва вилоятларда Ислом Каримов таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди.

Ўзбекистонни 1989 йилдан бери бошқариб келган Ислом Каримов 2016 йилнинг сентябрида вафот этган эди.

XS
SM
MD
LG