Ссылки доступа

Россиядан Як-130 ҳарбий самолётларини сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказилмоқда


Ўзбекистон Россия билан Як-130 ҳарбий самолётларини сотиб олиш масаласида музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда 30 январь куни Москванинг «Коммерсант» нашри хабар берди.

Газетанинг билдиришича, Ўзбекистон Иркутск заводида ишлаб чиқарилаётган Як-130ни сотиб олишга қизиқиш билдирган. Лекин бу борадаги музокаралар бошланғич босқичда.

Як-130 самолётлари ҳарбий учувчиларни жанговар тайёргарлигини машқлантириш, ҳаводаги ва ердаги нуқталарга зарба бериш мақсадида қўлланилади. Бу самолётни аввал Бангладеш, Мьянма, Беларусь ва Лаос ҳам сотиб олган.

Ўзбекистоннинг 2019 йилга мўлжалланган тараққиёт дастурида Мудофаани бошқариш миллий маркази ташкил этилиши назарда тутилган. Дастурнинг бу йўналишида 2021 йилгача Қуролли Кучларни замонавий қуроллар билан таъминлаш ҳам режалаштирилган.

Ўзбек армияси жаҳондаги Қуролли кучлар рейтинги - Military Strength Ranking’да 2018 йилда 39-ўринни, Марказий Осиё давлатлари орасида эса 1-ўринни эгаллаган.

Рейтингда қайд этилишича, ўзбек армияси 420 танк, 715та БТР ва БМП, 880 артилерия қуроли, 143та ўзиюрар артилерия ускуналари, 179та самолёт ва вертолётга эга. Ўзбек армиясининг 76 500 аскари бор. Армия бюджети йилига 70 миллион долларни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG