Ссылки доступа

Тожикистонда кекса аёл СИЗОда ўз жонига қасд қилишга уринганидан сўнг милиционерлар ишдан бўшатилди


Истад Курбонова
Истад Курбонова

Маҳаллий тергов изоляторида 70 ёшли Истад Қурбонова ўзини ёқишга уринганидан сўнг Сўғд вилоятининг Айний тумани ИИБнинг уч ходими ишдан бўшатилди. Бу ҳақда 30 январь куни Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржони Эмомали маълум қилди.

Кекса аёл СИЗОда ўз жонига қасд қилишга уринди, у ер участкасини ўз билганича эгаллаб олиб, у ерга ноқонуний иншоат қурганлик айби билан тергов изоляторига жойлаштирилган эди.

«Милиция ходимлари Идибой Зиёев, Саидали Арбобов ва Абдуқодир Ғаффоров ишдан бўшатилди, Шариф Мирзошарифов ва СИЗОнинг яна икки нафар ходимига нисбатан туман прокуратураси томонидан текширув олиб борилмоқда», - деди ҳуқуқ тартибот идорасининг расмий вакили.

Айний туман СИЗОсида ўз жонига қасд қилишга уриниш 12 январ куни юз берди. Милиция ходими Шариф Мирзошарифовнинг айтишича, қўлга олинган Истад Қурбонова тасодифан ўзининг устига қайноқ сув қуйиб юборганидан сўнг туман шифохонасига ётқизилди. Бироқ адвокат Дилбарой Мирзофотирова баёнот бериб, химоясидаги аёл ўз жонига қасд қилишга уринганини маълум қилди. Истад Қурбонаванинг ўғли Парвиз Бобоевнинг фикри ҳам шундай.

Айний туман шифохонаси шифокорлари 30 январ куни Истад Қурбонова СИЗОда ўзига ўт қўймоқчи бўлганини тасдиқлашди. Туман шифохонасининг жарроҳлук бўлими мудири Ҳаётулло Холназаровнинг айтишича, бемор танасининг юқори қисмининг 9-10 фоизи куйган.

Ҳозир Истад Қурбонова уйда даволанмоқда, дея хабар берди 30 январ куни унинг эри Баҳодур Бобоев. Эслатиб ўтамиз, шифохонадан чиқарилганидан сўнг Истад Қурбоновага нисбатан бошқа жойга кетмаслик борасида тилхат олиниб, эҳтиёт чораси ўзгартирилди. Бобоевнинг сўзларига қараганда, рафиқаси ноқонуний ҳибсга олинишига, ҳамда СИЗО ва милиция ходимларининг қўпол муносабатига қарши ўзига ўт қўйишга уринган.

70 ёшли Истад Қурбонова «Строительство СТД» корхонаси худудидаги ер участкасини ўз билганича эгаллаб олиш айби билан ой бошларида ушланган эди. Кекса аёлнинг ўзи ҳеч қачон прокуратура ходимларидан ўзини олиб қочмаганини айтади. Унинг айтишича, омборхона ва ҳаммом қурилган ер участкаси совет даврида олинган. «Менинг беш болам ва 20 нафар набирам бор, ҳаммамиз мана шу участкада қурилган битта уйда яшаймиз. Бу бизнинг ягона турар жойимиз», - дейди Истад Қурбонова.

XS
SM
MD
LG