Ссылки доступа

Туркман махсус хизматлари жосуслик қилишда немис ускуналаридан фойдаланаётган бўлиши мумкин


Туркман махсус хизматлари мамлакат фуқароларига қарши қатағон сиёсатини олиб боришда Германиянинг Rohde & Schwarz компанияси томонидан етказиб берилган ускуналардан фойдаланаётган бўлиши мумкин.

«Озодлик» радиосининг Туркманистон ҳукумати ва Rohde & Schwarz компаниясидаги манбаларининг айтишича, немис фирмаси томонидан Туркманистон Мудофаа вазирлиги ва Алоқа вазирлигига етказиб берилган телекоммуникация ускуналаридан ҳукуматга маъқул бўлмаган вебсайтларни таъқиб қилиш ва блоклашда, шунингдек блоклашни айланиб ўтишга уринган интернет фойдаланувчиларини фош қилишда фойдаланилаётган бўлиши мумкин. «Озодлик» манбаларининг тасдиқлашича, бундан ташқари Rohde & Schwarz жиҳозларидан телефон суҳбатларини эшиттишда ва мобил алоқа матнли хабарларини блоклашда ҳам ишлатилаётган бўлиши мумкин.

Rohde & Schwarz'нинг Мюнхендаги қароргоҳида жиҳозлардан Туркманистон фуқароларини кузатиш мақсадларида ишлатилаётгани борасида тарқатилган хабарларни тасдиқлашмади, шу билан бирга инкор ҳам қилишмади. Шу билан бирга компаниянинг Марказий Осиё бўйича вакили Виктория Герасимова баёнот бериб, компания «анчадан бери Туркманистонга жиҳоз етказиб бермаётганини» маълум қилди. «Озодлик» манбаси, балки Rohde & Schwarz компанияси уларнинг жиҳозлари ва таҳлилий билимлари Туркманистон фуқаролари ортидан жосуслик мақсадларида фойдаланилаётганидан хабари йўқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Фуқаролар ортидан жосуслик телекоммуникация соҳасида фаолият юритадиган иккита хусусий компания томонидан олиб борилади. Манбанинг таъкидлашича, собиқ махсус хизмат ходими бошқарадиган мана шу фирмалардан бири тўғридан тўғри Туркманистон миллий хавфсизлик хизмати томонидан назорат қилинади. Бу фирма фуқаролар ортидан жосусликда техник ишларни бажаради, бунинг учун Rohde & Schwarzдан олиб келинган жиҳозлардан фойдаланади. Бунинг эвазига фирма вебсайтлар яратиш, дастурий таъминот, информацион хизмат кўрсатиш масаласида давлат компаниялари билан шартномалар тузади. Манбанинг сўзларига қараганда, бошқа бирфирма бевосита Туркманистон президенти маъмуриятига бўйсинади ва давлат тузилмалари билан шартномага эришган.

«Озодлик» манбаларининг таъкидлашларича, киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида бу хусусий компаниялар жиҳозлар ва таҳлилий билимлар ёрдами билан Туркманистон махсус хизматларининг буюртмасига кўра овозли суҳбатлар, Интернет фойдаланувчиларининг ёзишмаларини тўплайди ва назорат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда мустақил оммавий ахборот воситаларининг барча сайтлари, жумладан «Озодлик» сайти блокланган. Шунингдек, Facebook, YouTube, Twitter VKontakte ижтимоий тармоқлари, WahtsApp, Telegram, Viber, Signal мессенжерлари ҳам блоклаган. Блокланган сайт ва мессенджерларга кириш учун туркманистонликлар VPN ва прокси сервисларидан фойдаланади. «Озодлик» радиоси манбасининг таъкидлашича, Туркманистон махсус хизматлари VPN сервисидан фойдаланувчи фуқароларни фош қилишни ҳам ўрганиб олишди.

«Озодлик»нинг Туркманистон фуқаролари ортидан жосуслик қилиш мақсадида етказиб берилаётган жиҳозлар тўғрисидаги сўровномага ёзма жавобида компаниянинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича вакили Симон Кнайфл, «Амалда Rohde & Schwarz бизнес фаолияти ҳақидаги маълумотларни яширмаслигини» маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Rohde & Schwarz экспертлар масаласида «барча тегишли қонун ва регламентларга амал қилади».

2018 йилнинг 25 июн куни Human Rights Watch, хабардор манбаларга таянган ҳолда, Туркманистон мобил ва йўлдош алоқаларини блоклаш ва мониторинг қилиш технологияларига қизиқиш билдираётгани, шунингдек интернетни чеклашини маълум қилган эди. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот ўзининг очиқ мурожаатида немис фирмасидан Туркманистон билан эришилган барча келишувларни ошкор қилишни талаб қилган эди. Бироқ ҳамон жавоб йўқ.

XS
SM
MD
LG