Ссылки доступа

Мирзиëев "анави идора қулоқлари" бўлган посбонларни йўқ қилмоқчи


Жорий йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган селектор йиғилишида Мирзиёев ИИВ ишини қониқарсиз деб топганини ва соҳа тизимини тубдан ўзгартиришини айтаркан, жумладан, маҳаллалардаги “посбон” лавозими тугатилишини билдирган.

Селектор йиғилишида гапирган президент кейинги 15 йил давомида Ўзбекистон Ички ишлар тизими “битта ҳамма биладиган ташкилот тарафидан заифлаштирилгани”ни таъкидлади ва соҳада кардинал ислоҳот ўтказилишини билдирди:

“Посбонларни йўқ қиламиз. Улар анави ташкилотнинг қулоғи эди. Уларни ўрнига участковой (ИИБ участка нозири) ëрдамчиси деган тўлақонли штат жорий қиламиз”,- дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти "анави ташкилот" деганда МХХни назарда тутганини тахмин қилиш мумкин.

“Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси ҳукумат қарори асосида 2014 йилнинг март ойидан бошлаб фаолият юритиб келади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги 497-сон қарорига кўра аҳоли сони 2000 дан зиëд бўлган маҳаллага 4 нафар аҳоли сони 12000 бўлган маҳаллага 18 нафар посбон бириктирилган.

Жорий йил 10 январда президент иштирокида ўтган селекторда таъкидланишича¸ Ўзбекистонда 9 минг 756 та маҳалланинг ҳар бирида камида тўрттадан посбон фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган мулозимнинг 31 январь куни Озодликка билдиришича¸ маҳалла посбони институти ўрнига участка нозири ëрдамчиси лавозимини таъсис қилиш бўйича ҳужжатлар таëрланиб ҳуқуқий экспертизага берилган.

Президентнинг матбуотда эълон қилинмаган нутқида “участка нозири ва ëрдамчиси” лавозимига “катта спортдан кетиб иш топа олмай юрган спорт усталарининг Ҳуқуқшунослик институти қошида ташкил қилинадиган икки йиллик курсларда тезлаштирилган тарзда ўқитиб” тайинланиши маълум қилинди.

Президент ўз нутқида Ички ишлар вазирлигида шу пайтгача мавжуд бўлган ишга олиш тизимини танқид қилди. “Бу тизим бўлмайди. Сени ишга оламан деб бир йил судрарди. Энасини, отасини суриштириб. Барибир ишга олмасди. Мақсад ўзининг одамини тиқиш. Фақат жинниларни олишарди ишга. Қанча жинни бўлса, шунча ишга кириши осон эди. Бу тизимга чек қўямиз”,- деди президент.

XS
SM
MD
LG