Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси мулозимининг айтишича, 27 январь куни 48 ёшли эркакнинг турли жойларига шиша идиш билан жароҳат етказилган жасади топилган.
- Тергов тадбири давомида ушбу жиноятни 26 январь соат 22.00 ларда Э.Ў.нинг турмуш ўртоғи, У.Ў. ўз уйида содир этгани маълум бўлди. У эрининг юзига шиша идиш билан уриб, тепиб жароҳат етказган. Ҳозир аёл қамоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, - деди Самарқанд ИИБси мулозими.
Пахтачи тумани ИИБсининг Озодлик суҳбатлашган мулозими ҳам тергов давомида аёл турмуш ўртоғи 18 ёшли катта қизини мунтазам жинсий зўрлаб келганини айтган.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2018 йилда оилавий жанжал оқибатида эр хотинини, хотин эрини ўлдиргани билан боғлиқ етмишдан зиёд холат қайд этилган. Шулардан 61 тасида эр хотинини, 10 тасида эса, хотин эрини ўлдирган.