Фаолияти транспорт-логистика соҳасига алоқадор ўзбекистонлик тадбиркорлар бу янги тайинловдан ҳафсалалари пир бўлганини билдирдилар.
«Президент¸ транспорт-логистика соҳасини инқирозга олиб келган одамни Транспорт вазири этиб тайинласа¸ демак Мирзиëевга бу соҳадаги ҳақиқий аҳвол ҳақидаги маълумот етиб бормаяпти»¸ - деди соҳа мутахассислари.
Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йил ноябрь ойидаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ҳукумат комиссиясига 2019 йилнинг 15 январига қадар Транспорт вазирлиги тузиш бўйича таклифлар киритиш топширилган эди.
Бу жараëнга бевосита алоқадор Тошкент мулозимининг билдиришича¸ президент топшириғи ижроси билан боғлиқ кўпдан-кўп мажлислар ўтказилган¸ Транспорт вазирлигини тузиш структураси ва бу ҳақдаги президент қарори лойиҳаси тайëрланган¸ аммо транспорт соҳаси монополистлари охиригача бу таклифларни тўхтатишга уринган.
“Ўзбекистон темир йўллари”¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари”¸ Автомобиль ва дарë транспорти қўмитаси¸ Ўзавтодор - булар давлат бюджетини ўмариш билан овора. Албатта¸ улар ўзларининг тугатилиб¸ битта Транспорт вазирлиги бўлишини исташмайди. Раматов бу идеяни тўхтатиш учун зимдан ҳаракат қилди. Бўлмаганидан кейин¸ энди Транспорт вазири лавозимини ўзига олишга эришипти. Агар транспорт соҳасини расво қилганига қарамай¸ президент янги вазирликни яна шу одамга топшираëтган бўлса¸ Мирзиëев билан ораларидаги шахсий муносабатлар жуда яқин ва бу маълумотдан хабардор тизимлар ҳам уни президентга беролмаган”¸ дейди ҳукумат ичидаги жараëнлар ҳақида жамоатчиликка маълумот беришга ваколти йўқлигидан шахси сир тутилишини сўраган бу мулозим.
“Бунақа иш фақат Ўзбекистонда бўлиши мумкин. Бош вазирнинг 1-ўринбосари Транспорт вазирлиги тузиш ҳақидаги президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқадида¸ унга Бош вазирнинг 1-ўринбосари¸ яъни ўзини вазир этиб тайинлансин¸ деб ëзиб қўяди. Раматов бу ишни Мирзиëевнинг олдидан ўтиб қилганини тушуниш мумкин¸ лекин Мирзиëев нега бунга қўл қўйганини тушунишга қийналаяпмиз”¸ дейди транспорт соҳаси бошқарувига алоқадор мулозим.
Шавкат Мирзиëевнинг Транспорт вазирлиги тузиш ҳақидаги қарорни имзолаган-имзоламагани ҳақида расмий маълумот ола олмади. Аммо расмий матбуотда 31 январга қадар бундай қарорнинг имзолангани ҳақида хабар эълон қилинмаган.
“На поезд¸ на самолëтга онлайн билет олишнинг иложи йўқ¸ ҳалиям ўзларининг кассаларида сотиш керак. Нима учун? Қаерда нақд пул айланса¸ ўша жойда катта коррупция бор. Билет ололмайсиз¸ поезд ë самолëтга чиқсангиз¸ ярми бўш. Қани Россия¸ Қозоғистонга қўйиш ваъда қилинган автобуслар? Нима учун Ўзбекистон ҳудудида бошқа давлатларнинг автобуслари қатнаяпти? Ҳукуматлараро келишувда бунақа қатновлар тақиқланганку! Бунақа қатновдан тушаётган пуллар кимларнинг чўнтагига кетаяпти?”¸ дейди транспорт соҳаси бўйича мутахассис тадбиркор.