Адлия вазирлигининг Фуқаролар ҳолати далолатномасини қайд этиш Бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ифтихор Самадзоданинг сўзларига қараганда, аралаш никоҳларнинг энг кўпи Қирғизистон фуқаролари ҳиссасига –100 дан ортиқ никоҳ - тўғри келади, ундан кейинги ўринларда Ўзбекистон, Россия, Афғонистон, Эрон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Украина, Италия ва бошқа давлатлар туради.
Республика ФХДЁсидаги хабардор манбанинг айтишича, қайд қилинган тожик-қирғиз никоҳларининг 95 фоизи Лахш тумани (аввалги Жирғатол Жергетал) ҳиссасига тўғри келади, мазкур туманда Тожикистондаги энг йирик қирғиз диаспораси истиқомат қилади. «Уларнинг кўпчилиги ўзларининг тарихий ватанларига кўчиб ўтишни исташади ва бунинг учун қирғизистонликлар билан никоҳдан ўтиш катта имконият ҳисобланади», - дейди манба.
Ўтган йилнинг ёзида Исфара туманида жойлашган чегара яқинидаги Хўжа қишлоғида истиқомат қилувчи 21 ёшли Ҳамрозхон шарафига Мендельсон вальси (ўзбекча қилиб айтсак «Тўйлар муборак») янгради. Бишкекда яшовчи йигит қизни бир кўришда севиб қолди. Ҳозир улар Қирғизистонда истиқомат қилмоқда, аммо Ҳамрозхоннинг эри ўзининг севимли рафиқаси учун мамлакат қонунлари талаб қилганидек Исфарада уй қурмоқда.
2011 йилда Тожикистон парламенти Республика Оила кодексига айрим ўзгартишларни киритди. Шундан бошлаб Тожикистон фуқаролари билан оила қурмоқчи бўлган хорижликлар учта асосий талабни бажаришлари керак: яъни мамлакат ҳудудида камида бир йил яшаши керак, никоҳдан ўтишдан аввал никоҳ шартномасини тузишлари лозим, шунингдек жуфти ҳалолини уй билан таъминлаши шарт. Хорижликлар билан никоҳдан ўтмоқчи бўлган Тожикистон фуқаролари учун бу каби чекловлар йўқ.
Расмийларнинг таъкидлашича, никоҳ тартибларининг кескинлаштирилиши мабодо ажралгудек бўлса тожикистонлик аёлларнинг мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборатдир.
БМТнинг ирқий дискриминацияни бартараф этиш Қўмитаси 2017 йилда Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, тожик аёлларининг хорижликлар билан никоҳига нисбатан жорий қилинган чекловларни бекор қилишга чақирган эди. Бу каби чекловлар инсоннинг асосий ҳуқуқларини, жумладан турмуш ўртоқни танлаш ҳуқуқини поймол қилади, дейилади қўмита томонидан берилган ҳисоботда.