Ссылки доступа

Қирғизистон элчиси: Бишкек иккинчи Россия ҳарбий базасининг очилишини истисно қилмайди


Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Аликбек Жекшенқулов республика ҳудудларида иккинчи Россия ҳарбий базаси очилишини истисно қилмади. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.

«Очиш ёки очмаслик тўғрисидаги барча масалалар мамлакатларимиз раҳбарияти ва тегишли куч ишлатиш тизими ва идораларининг тўғридан тўғри назоратида турибди. Шу сабабли ҳам Қирғизистон жанубида иккинчи ҳарбий база очилиш зарурияти тўғрисидаги масала икки мамлакат олий раҳбарияти ваколатидадир. Менинг фикримча, бу масала март ойида икки мамлакат президентларининг бўлиб ўтадиган учрашувида муҳокама қилиниши мумкин», - деди Жекшенқулов.

Шу билан бирга элчи, ОДКБ мамлакатларида фаолияти тақиқлаган ИШИД жангариларининг Ироқ-Сурия ҳудудларидан Афғонистоннинг шимолий вилоятлари ҳудудларига келаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлаётганини таъкидлаб ўтди. «Минг афсуски уларнинг қўшни Тожикистонга ва ундан кейин бизнинг ҳудудларга кириш эҳтимоли ошиб бормоқда», - дейди элчи.

Қирғизистонда Россиянинг бир нечта ҳарбий объекти бор. Уларнинг энг йириги – Кантдаги авиабазадир. 2012 йилда барча объектлар Бирлашган Ҳарбий ҳаво базасига бирлаштирилди. Бирлашма таркибига Кантдаги аэродром, Иссиқкўлдаги ҳарбий-денгиз базаси, Майлуу -Суудаги сейсмология пункти ва Чалдовор посёлкасидаги алоқа узели киради.

2018 йилнингдекабрида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков баёнот бериб, Қирғизистонга битта Россия базаси етишини, иккинчи базанинг очилиши ҳақида гап йўқлигини айтган эди.

XS
SM
MD
LG